Россия бугун Истанбулда Украина делегациясини кутмоқда
Олам
−
16 Май 6316 2 дақиқа
Россия ва Украина делегациялари бугун, 16 май куни эрталаб Истанбулда музокаралар ўтказади. Бу ҳақда кеча, 15 май куни кечқурун Россия делегациясига бошчилик қилаётган Россия Ёзувчилар уюшмаси раиси, Россия Президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский маълум қилди.
“Эртага эрталаб, том маънода соат 10 дан бошлаб биз учрашувга келиши керак бўлган Украина томонини кутамиз”, деди у.
Музокараларда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф иштирок этиши кутилмоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский, ўз навбатида, “Суспільне” нашри манбаларига кўра, аллақачон Туркияни тарк этиб, 16 май куни Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити бошланадиган Албанияга жўнаб кетган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Истанбулдаги музокараларнинг асосий мақсади ўт очишни тўхтатиш бўлиб, Украина делегацияси бу масалани муҳокама қилиш мандатига эга.
Украина Президентининг расмий сайтида эълон қилинган фармонга кўра, Украинадан келган делегацияга мамлакат Мудофаа вазири Рустам Умаров бошчилик қилади. Музокаралар гуруҳи таркибига, шунингдек, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Кислица, Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Александр Поклад, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Александр Бевз ва бир қатор ҳарбий амалдорлар киради.
Россия делегацияси таркибига эса Владимир Мединскийдан ташқари Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош разведка бошқармаси бошлиғи Игорь Костюков, Мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин, Россия Қуролли кучлари Бош штабининг ахборот бўлими бошлиғининг ўринбосари Александр Зорин ва Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги иккинчи департаменти директори Алексей Полишук киради.
Владимир Мединскийнинг таъкидлашича, Россия Федерациясининг Украина билан Истанбулдаги тўғридан тўғри музокараларидаги вазифаси эртами кечми “можаронинг асосий сабабларини бартараф этиш орқали узоқ муддатли тинчликка” эришишдир.