Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида Сурия масаласида ўзи истаган қарорга эришди

Олам

image

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча 15 аъзоси Туркия билан чегара орқали Сурияга трансчегаравий гуманитар ёрдам (ТГЁ) механизмини яна олти ойга узайтиришга келишиб олди.

Давлатлар Туркияни Суриянинг Идлиби билан боғловчи “Боб ал-Ҳава” назорат-ўтказиш пункти фаолиятини узайтиришга келишиб олди. 8 июль куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг сўнгги йиғилишида Россия назорат-ўтказиш пункти фаолиятини бир йилга узайтириш бўйича таклиф қилинган резолюцияни қўллаб-қувватламаган ва уни олти ой билан чеклашни таклиф қилганди.

Россия томонидан рад этилган Ирландия ва Норвегия тайёрлаган таклиф олти ойдан сўнг – 2023 йил 10 январдан кейин назорат-ўтказиш пункти фаолияти автоматик равишда яна олти ойга узайтирилишини назарда тутган. Россия иккинчи қисмга рози бўлмади ва олти ойдан кейин тегишли резолюцияни қабул қилишни талаб қилди.

Россиянинг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянскийнинг сўзларига кўра, ҳозир Хавфсизлик Кенгаши “деярли Россия лойиҳасини қабул қилган”.

Аввалги резолюция, Москвага кўра, Дамашқ манфаатларига жавоб бермаган. Трансчегаравий гуманитар ёрдам механизми БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан 2014 йилда, Суриянинг катта қисми ҳали расмий Дамашқ назорати остида бўлмаган вақтда келишилган эди.

2020 йилгача Туркия, Ироқ ва Иордания билан чегараларда тўртта чегара пости ишлаган. Сурия армияси мамлакат ҳудуди устидан назорат ўрнатар экан, Россия вето ҳуқуқидан фойдаланиб, учта назорат-ўтказиш пунктини ёпишга эришди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия БМТ

Баҳолаганлар

258

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг