Россия БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига вето қўйди

Олам

image

Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолий Корея бўйича санкциялар қўмитаси экспертларининг мандатини бир йилга узайтириш бўйича АҚШ томонидан тайёрланган резолюция лойиҳасига вето қўйди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Хитой овоз беришда бетараф қолди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қолган аъзолари резолюцияни маъқуллади.

Ҳужжат матнида айтилишича, БМТ Хавфсизлик Кенгаши “экспертлар гуруҳининг мандатини 2025 йил 30 апрелгача узайтиришга қарор қилади”.

Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Москва КХДРга қарши санкциялар режимини янгилаш жараёни БМТ Хавфсизлик Кенгашида аллақачон кечикиб қолганига ишонч ҳосил қилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари КХДРга нисбатан ўзларининг бузғунчи ва жазоловчи мантиқларидан узоқлашмоқчи эмас.

"Ушбу ҳалокатли вазиятнинг қуроли 1718 экспертлар гуруҳи бўлиб, у ўзининг бевосита мажбуриятларини бажаришни тўхтатди. Унинг иши ғарб ёндашувлари билан ўйнаш, нохолис маълумотни қайта чоп этиш, газета сарлавҳалари ва паст сифатли фотосуратларни таҳлил қилишгача туша бошлади. Шундай қилиб, гуруҳ санкциялар режимининг ҳолатини оқилона баҳолашга қодир эмаслигини тан олади. Панель ярим орол муаммоларига мос келмайдиган аҳамиятсиз тафсилотларга ёпишиб олишда давом этди”, дейди Россия вакили. 

Маълумот учун, 1718-сонли резолюция 2006 йил октябрь ойида Шимолий Кореянинг ядровий синовига жавобан қабул қилинган. Шу орқали КХДРга ҳар қандай ҳарбий техника ва қуролларни, шунингдек, Шимолий Кореянинг оммавий қирғин қуролларини яратиш дастурларида қўлланилиши мумкин бўлган материаллар, жиҳозлар, товарлар ва технологияларни етказиб бериш, сотиш ёки беришга тақиқ қўйилган. Шундан сўнг БМТ Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Кореяга қарши санкцияларни кучайтирувчи бир қатор резолюцияларни қабул қилди. Санкциялар қўмитаси эса Хавфсизлик Кенгаши томонидан киритилган санкцияларга риоя этилишини назорат қилиш учун тузилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг Россияга сафари чоғидаги учрашувлар орасида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Хавфсизлик Кенгашида Россия ва Хитой КХДРга қарши санкция жорий қилинишига йўл қўймаслигини билдирганди. Кеча, 27 март куни эса АҚШ Россия, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган олти нафар шахс ва икки компанияни Шимолий Кореянинг қурол-яроғ дастурига маблағ ўтказишда айблаб, “қора рўйхат”га киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия БМТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг