Россия Беларусга “Искандер-М” қуролини ўтказди
Олам
−
04 Апрель 2023
11588Кеча, 3 апрель куни Россия ҳарбийлари беларуслик ҳамкасбларини ядро каллагига эга ракеталар билан жиҳозланиши мумкин бўлган “Искандер-М” оператив-тактик ракета тизимидан фойдаланишга ўргатишни бошлади. Бу ҳақда бугун, 4 апрель куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу вазирликда бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Шойгунинг айтишича, Донбассдаги жанглар тизимли равишда ривожланмоқда. Украинадаги ҳарбий объектларга қилинган ҳужумлар ҳам Киев қўшинларининг таъминотини тўхтатишга имкон берган. Бироқ Ғарбнинг ҳаракатлари, жумладан Финляндиянинг НАТОга кириши можаронинг сезиларли даражада кенгайиши хавфини туғдиради.
Россия НАТО ҳаракатларига жавобан Беларусга ҳам оддий, ҳам ядровий версияда ракеталардан фойдалана оладиган “Искандер-М” комплексини топширган. 3 апрель куни Россия полигонларидан бирида Беларусь экипажларининг машғулотлари бошланган. Бундан ташқари, Беларусь самолётларининг бир қисми ядро қуролини олиб юриш қобилиятига эга бўлган.
Вазирнинг сўзларига кўра, НАТО можаронинг кучайишига олиб келадиган Россияга қарши йўналишини кучайтирмоқда. Масалан, биргина жорий йилнинг ўзида Украинага Ғарбда ишлаб чиқарилган 200 дан ортиқ танклар, 400 дан ортиқ замонавий зирҳли жанговар машиналар етказиб берилиши айтилган.
Бундан ташқари, Ғарб давлатлари аллақачон Киевни 150 кмгача учадиган ракеталар билан таъминламоқда ва 300 км масофага учадиган ATACMS тактик ракеталари ҳамда F-16 қирувчи самолётларини топшириш имкониятини кўриб чиқмоқда.