Россия Баку ва Ереванни яраштириш учун ўз таклифларини тақдим этди

Олам

image

Москва Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномасини тузиш бўйича Баку ва Ереванга кенг қамровли таклифлар киритган. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова бугун, 6 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. 

“Бизнинг кенг қамровли таклифларимиз Баку ва Ереванга юборилган, аввал хабар берганимиздек, Россия ташқи ишлар вазирининг махсус вакили Игорь Ховаев ушбу мавзу бўйича маслаҳатлашувлар учун минтақага бир қатор сафарлар уюштирган”, дейди у. 

Шу билан бирга, Захарова тинчлик бўйича музокаралар тафсилотларига изоҳ беришни ўринсиз деб атади, Москва натижаларга эътибор қаратганини таъкидлади.  

“Биз қандайдир махсус тарғибот фаолияти билан шуғулланмаймиз, унинг остида ҳеч нарса йўқ, аксинча ҳаракат қиламиз. Биз нимага эришганимиз ҳақида гапирамиз. Тинчлик шартномаси мавзусининг юқори сезгирлигини инобатга олган ҳолда, давом этаётган музокаралар тафсилотларини изоҳлаш ноўрин, деб ҳисоблаймиз. Шунга қарамай, биз натижага эътибор қаратганмиз”, дейди у. 

Захарованинг сўзларига кўра, Ғарбнинг Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик битимини тузиш борасидаги ёндашувлари унчалик мувозанатли кўринмайди.  

“Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик келишувига Ғарб ёндашувларига келсак, бизнингча, улар унчалик мувозанатли эмасдек кўринади ва очиғини айтсам, баъзи Ғарб воситачиларининг роли ҳақида гапиришни ҳам истамайман, чунки уларни “тинчлик воситачиси” деб аташ мумкин эмас”, дейди у. 

Шу билан бирга, Москванинг ёндашуви жуда аниқ.  

“Биз геосиёсат ўйин, манёвр элементини ҳам назарда тутишини тушунамиз, лекин биз вазиятни хавфли издан чиқаришга олиб келадиган геосиёсий интригаларга қаршимиз. Биз аниқ ижобий натижаларга олиб келадиган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Вазиятнинг барқарорлашуви ижобий натижа бўлди ва бунинг учун биз воситачилик ролини ўйнаяпмиз, уч томонлама битимларни ишлаб чиқиш ва тузиш учун ҳамма нарсани қилдик ва энг муҳими, уларни амалга оширишга интиламиз”, дейди ташқи сиёсат бўйича воиз.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Чехиянинг Прага шаҳрида бўлиб турибди. Улар Европа кенгаши раиси Шарль Мишель иштирокида уч томонлама музокара ўтказади. 

Баку ва Ереван ўртасидаги сўнгги йирик кескинлик жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси содир бўлган эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.

Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.

Қорабоғ уруши

1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди.  Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Мария Захарова

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг