Россия айрим мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбормоқчи 

Олам

image

Россия Меҳнат вазирлиги мамлакатга уюшган ёллаш йўли билан борган меҳнат муҳожирлари ўз профили бўйича ишламаса, Россияни тарк этишга мажбурланиши мумкин бўлган қонун лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизматига таяниб, “Известия” хабар берди.

Қонун лойиҳасида чет эл фуқаросининг Россияда вақтинчалик меҳнат қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи махсус ҳужжат яратиш кўзда тутилган. Қайд этилишича, ташкилий ишга қабул қилиш доирасида мигрант муайян иш берувчида ишлайди. Ишга қабул қилувчи компания ҳужжатларга мувофиқ олдиндан тўловларни амалга оширади.

Билдирилишича, бу меҳнат мигрантининг уни ёллаш харажатлари, жумладан, авиачипталар нархини ўз зиммасига олган компанияда ишлашдан бош тортиш ҳолатларини бартараф этади. Агар ходим ташкилий ишга қабул қилишда иштирок этмайдиган бошқа компанияга ўтмоқчи бўлса, у 15 кун ичида Россияни тарк этиши керак бўлади.

Таъкидланишича, меҳнат муҳожирларига визали ёки визасиз мамлакатлардан келишидан қатъи назар, мазкур қоидалар қўлланилиши мумкин. Ташкилий ёллаш орқали визали мамлакатлардан чет элликларни ёллаган иш берувчилар уларни ишга олиш учун рухсат олиши шарт эмас.

Давлат Думасининг Меҳнат ва ижтимоий сиёсат қўмитаси ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди. Қўмита раҳбари Ярослав Ниловнинг айтишича, ҳозир Россияда мигрантларга мамлакатга визасиз кириш ва ишга жойлашиш имконини берувчи патент тизими мавжуд, бироқ кўпчилик патентсиз ишлайди.

Маълумот учун, 2017 йилда Россия Ўзбекистон билан мамлакат фуқароларини вақтинчалик меҳнатга, жумладан, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларидаги корхоналарга ташкилий равишда жалб қилиш ва ёллаш бўйича шартнома имзолаган. Худди шундай келишув Тожикистон билан ҳам мавжуд.

Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида Россияга ишлаш учун 1,3 миллион хорижлик борган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўпдир. Улар орасида Ўзбекистондан 630,8 минг, Тожикистондан 349,3 минг, Қирғизистондан 172,6 минг, Арманистондан 47,3 минг, Қозоғистондан 34,7 минг киши Россияга меҳнат мигранти сифатида борган.

Мадина Отабоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия мигрантлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг