Россия агар ўйинбузуқилик қилмаса, Украина доннинг кетини узмайди – Кулеба

Олам

image

Россия “дон йўлаги”ни бўйича ўз мажбуриятларини бажарса, Украина Яқин Шарқ, Африка ва Осиёга озиқ-овқат экспорти барқарорлигини кафолатлашда давом этади. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба маълум қилди. 

“Туркия портига Украина дони билан биринчи кеманинг келиши Яқин Шарқ, Африка ва Осиёдаги ҳар бир оила учун умид белгисидир: Украина сизни тарк этмайди. Биз доимо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишончли етказиб берувчи бўлганмиз, бўляпмиз ва бўлиб қоламиз. Россиядан фарқли ўлароқ, биз “очлик ўйинлари” ўйнамаймиз”, дейди Украина дипломатияси раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, “дон йўлаги”нинг кейинги фаолияти учун тўлиқ жавобгарлик Россия зиммасида.

“Агар у ўз мажбуриятларини бажарса, Украина озиқ-овқат экспорти бизнинг Яқин Шарқ, Африка ва Осиёлик дўстларимиз учун барқарорликни кафолатлашда давом этади”, деб ишонтирган Ташқи ишлар вазири.

Маълумот ўрнида, Россия, Украина, Туркия ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамкорликда ўрнатилган “дон йўлаги” коридоридан Украина портлари орқали бир ҳафта давомида 10 та кемада 305 минг 458 тонна дон ташилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг