Россия 400 га яқин аскарини Дамашқдан Хмеймимга кўчирди
Олам
−
15:49
1829Сўнгги кунларда Россия Сурия пойтахти Дамашқ чеккасидан Хмеймим авиабазасига камида тўрт юз нафар аскарини ўтказди. Бу ҳақда бугун, 16 декабрь куни Сурияда ҳокимиятга келган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) исломий гуруҳи Сиёсий бюроси аъзоси Камол Лабобидийга таяниб, Британиянинг "The Financial Times" газетаси хабар берди.
Лабобидийнинг сўзларига кўра, Россия қўшинларини олиб чиқиш Суриянинг янги расмийлари билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Гап аввалроқ Дамашқ чеккасидаги Қудсайе шаҳридаги Сурия армияси тўртинчи дивизияси штаб-квартирасида жойлашган россиялик ҳарбийлар ва Россиянинг Дамашқдаги элчихонасида хизмат қилган ҳарбийлар ҳақида бормоқда.
FT томонидан кўрилган видеотасвирларда 100 га яқин ҳарбий машиналар, жумладан зирҳли транспортёрлар, тракторлар, ёқилғи танкерлари ва кўчма тиббий бўлинмалардан иборат карвон кўрсатилган. Лабобидийнинг айтишича, ҳарбийлар Хмеймим базасидан Россия Федерациясига олиб кетилган.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда Сурияда ҳокимиятни эгаллаб олган исёнчиларнинг қароргоҳига айланган Дамашқдаги Four Seasons меҳмонхонасида россиялик ҳарбий хизматчиларни мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан эвакуация қилиш бўйича музокаралар давом этмоқда.
Сурияда Башар Асад режими қулаганидан кўп ўтмай, Россия ТИВ Москва ҲТШ сиёсий қўмитаси билан тўғридан тўғри алоқалар ўрнатганини айтди. Россия дипломатлари гуруҳ вакиллари билан учрашиб, улар билан Суриядаги дипломатик миссия ва Россия фуқароларининг хавфсизлигини муҳокама қилган.
"Bloomberg" манбаларига таяниб хабар беришича, Россия Суриянинг янги ҳукумати билан Суриядаги иккита ҳарбий базаси – Латакия вилоятидаги Хмеймим авиабазаси ва Ўртаер денгизи соҳилидаги Тартус ҳарбий-денгиз базасини сақлаб қолиш бўйича келишувга яқин турибди.
"Reuters" хабарига кўра, Россия Сурия шимолидаги фронт чизиғидан ва Алавий тоғларидаги постлардан бир қанча оғир техника ва юқори мартабали зобитларни олиб чиқмоқда, бироқ Суриядаги иккита асосий рус базасидаги қўшинлар қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Дамашқдан ўз дипломатик ваколатхоналари ходимлари ва Беларусь, Шимолий Корея ва Абхазия дипломатик ваколатхоналари ходимларининг бир қисмини эвакуация қилганди.
LiveБарчаси