Россия 32 нафар янги зелендаяликни “қора рўйхат”ига қўшиб қўйди 

Олам 2843
image

Россия Янги Зеландиянинг 32 фуқаросига, жумладан, мамлакат Қуролли кучлари қўмондонлиги вакиллари ва журналистларга нисбатан санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг берган баёнотида айтилади.

“Янги Зеландия ҳукуматининг Россия фуқаролари – ҳам мансабдор шахслар, ҳам уларнинг оила аъзолари, шунингдек бизнес ҳамжамиятлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларига нисбатан қўллаб келаётган санкцияларига жавобан мамлакатда русофоблик тартибни ўрнатаётган муниципал органлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва журналистларга, жами 32 киши санкциялар рўйхатига киритилди”, дейилади ҳужжатда.

Хусусан, Миллий денгиз флоти қўмондони ўринбосари Шейн Арнделл, Ҳарбий-денгиз кучлари оператив қўмондони Гэрин Голдинг, Қуролли кучлар қуруқликдаги қўшинлари қўмондони ўринбосари Роуз Кинг ва бошқаларга чекловлар қўйилган. 

Бундан ташқари, қора рўйхатга Янги Зеландия Мудофаа вазири ўринбосари Майк Ядли, Крайстчерч, Веллингтон, Окленд, Данидин, Нельсон шаҳарлари мэрлари, ушбу аҳоли пунктлари шаҳар кенгашлари аъзолари, шунингдек газета шарҳловчилари, публицистлар ва бошқа ОАВ вакиллари киритилган.

Қайд этилишича, ушбу шахслар учун Россия Федерациясига кириш номаълум муддатга ёпилган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.4
t
×