Россия 13 йил ичида илк бор Ўрта ер денгизида ҳарбий кемаларсиз қолди
Олам
−
18 июл 6540 2 дақиқа
Ўрта ер денгизида 2013 йилдан буён илк бор бирорта ҳам Россия ҳарбий кемаси қолмади. Бу ҳақда “Russian Forces Spotter” очиқ манбалар асосидаги разведка лойиҳаси хабар берди.
“Ҳозирги вақтда Ўрта ер денгизида бирорта ҳам Россия ҳарбий кемаси кузатилмаяпти. 2013 йилдан бери Россия ушбу минтақада узлуксиз ҳарбий-денгиз иштирокини сақлаб келаётган эди. Бугун эса, афтидан, ушбу узлуксизлик бузилди”, дейилади хабарда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бунинг асосий сабабларидан бири кенг кўламли уруш бошланганидан кейин Туркия бўғозлари орқали ҳарбий кемалар ўтишининг блоклаб қўйилгани бўлган. Шу сабабли Қора денгиз флоти ўз кучларини эркин ротация қила олмаяпти.
Бундан ташқари, Россиянинг Суриянинг Тартус шаҳридаги моддий-техник таъминот пункти аста-секин Россиянинг Ўрта ер денгизидаги доимий ҳарбий-денгиз иштирокини таъминлайдиган базадан кўра, чекланган логистик тугунга айланиб бормоқда.
“Россия кучларининг жойлаштирилиши тобора эпизодик тус олмоқда, иштирокнинг узлуксизлиги бузилган. Эндиги масала шундаки, уни тиклаш имкони бўладими ёки бу Россиянинг Ўрта ер денгизидаги ҳарбий-денгиз иштироки хусусиятининг узоқ муддатли ўзгаришидан далолат берадими?” дейилади хабарда.
“Starboard Maritime Intelligence” таҳлилчиси Марк Дуглас “The Insider” билан суҳбатда қайд этишича, Ўрта ер денгизига йўл олган кемалар эндиликда Шимолий Европадан чиқиши ва худди шу йўналишда қайтиши керак. Бунда Россия кемаларга логистик ёрдам кўрсатиш имконияти бўйича турли давлатлар билан музокаралар олиб боришга мажбур бўлмоқда, бу эса ҳозирги сиёсий шароитда тобора қийинлашиб бормоқда.
Дуглас, шунингдек, Россия ҳарбий-денгиз кучларининг тақсимланишига бошқа омиллар ҳам таъсир қилаётганини таъкидлаган. Санкт-Петербург шаҳрида Россия ҳарбий кемаларига берилган зарбалардан сўнг, кучларнинг бир қисми Владимир Путиннинг яхтасини кузатиб боришга жалб қилинган, бошқа кемалар эса Буюк Британия қирғоқлари яқинида Россия кемаларини кузатиб бориш вазифаларини бажармоқда ва вақти-вақти билан фуқаролик кемалари томон огоҳлантирувчи ўқлар узмоқда. Дугласнинг фикрича, ушбу ҳолатларнинг барчаси бир бўлиб, Россиянинг Ўрта ер денгизида доимий иштирокни сақлаб туриш имкониятларини камайтиради.
Шу билан бирга, таҳлилчи минтақада Россия кемаларининг йўқлиги, катта эҳтимол билан, вақтинчалик хусусиятга эга деб ҳисоблайди.
“Катта эҳтимол билан Россия кемалари Ўрта ер денгизига қайтади – масала уларнинг қайтиш-қайтмаслигида эмас, балки айнан қачон қайтишидадир”, дейди у.
Live
Барчаси