Россия 100 йил ичида илк бор АҚШда элчисиз қолиши мумкин
Олам
−
07 Октябрь
9162Россия 1930 йиллардан бери илк марта АҚШдаги дипломатик миссиясини узоқ муддат давомида раҳбарсиз қолдириши мумкин. Кеча, 6 октябрь куни 2017 йилдан бери Россиянинг АҚШдаги элчиси лавозимида ишлаб келаётган Анатолий Антонов Москвага қайтиб келди. Янги элчи тез орада тайинланиши режалаштирилмаяпти. Бу ҳақда рус амалдорлари ва Давлат Думасидаги манбаларига таяниб, "Ведомости" хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, илгари Россия Мудофаа вазирлигининг қуролсизланишни назорат қилиш бўлимини бошқарган Антонов кетишидан олдин ўзи ва бошқа россиялик дипломатларга қарши таҳдидлар бўлганини айтган. Президентнинг Антоновнинг истеъфоси ҳақидаги фармони яқин кунларда чиқарилиши кутилмоқда.
"Ҳозир (АҚШда) Россия элчиси билан расмий шахслар барибир мулоқот қилмаяпти, шунинг учун Вашингтонда ким янги вакил бўлиши муҳим эмас", дейди нашр манбаларидан бири.
Россия Халқаро ишлар кенгаши раҳбари Андрей Кортуновга кўра, Россия АҚШга нисбатан норозилигини билдириш мақсадида вақтинчалик элчи ўринбосарининг ишини давом эттириши мумкин. Яна бир вариант – элчи сифатида ТИВ департаменти бошлиғи тайинланиши. Бу услуб 2019 йилда Буюк Британияга элчи тайинланганида қўлланган. Унинг фикрича, Россия Вашингтондаги вакиллик даражасини тушириши мумкин.
Нашрга кўра, Россиянинг АҚШ билан дипломатик алоқалар даражасини тушириш эҳтимоли ҳақида 2024 йил апрель ойида Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков айтиб ўтган. Июнда эса бу таҳдидни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков такрорлаган.
Рябковнинг сўзларига кўра, АҚШ Россиянинг музлатилган олтин-валюта захираларини мусодара қилса, Москва АҚШдаги элчихонадан воз кечиши мумкин. Песков эса бунга сабаб сифатида АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Украинадаги урушга янада чуқурроқ аралашувини келтирган.
Маълумот учун, Москва охирги марта АҚШда элчисиз 1930 йилларнинг охирида қолганди, ўшанда Совет элчихонасини вақтинчалик вакиллар бошқарган. 1941 йилда АҚШда биринчи совет элчиси Константин Уманский бўлган. Энг узоқ муддат хизмат қилган элчи эса Анатолий Добринин ҳисобланади — у 1962 йилдан 1986 йилгача АҚШда хизмат қилган.
LiveБарчаси
2024 йил сўзи сифатида “брат” танлади.
02 Ноябрь