Россия 10 ойдан кам ишлаганларнинг яшаш гувоҳномасини бекор қилмоқчи
Олам
−
17:52 1846 2 дақиқа
Россия Давлат думаси депутатлари баҳорги сессия давомида янги қонун қабул қилишни режалаштирмоқда. Унга кўра, ҳужжат берилган кундан бошлаб йил давомида 10 ойдан кам ишлаган меҳнат мигрантларининг яшаш гувоҳномаси ва вақтинча яшаш учун рухсатномаси (ВЯР) бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси раиси Вячеслав Володинга таяниб, “Контекст” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу шартларни тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий, уй хўжалиги ва шу каби бошқа эҳтиёжлар учун жисмоний шахслар ҳузурида ишлайдиган чет элликларга ҳам татбиқ этиш таклиф қилинмоқда. Бунда, агар ҳисобот йилида бундай фаолият 10 ойдан кам амалга оширилган бўлса ва/ёки ўзи ва қарамоғидаги ҳар бир оила аъзоси учун белгиланган бўнак (аванс) тўлови кўринишидаги даромад солиғи 10 ойдан кам муддат учун тўланган бўлса, ҳужжатлар бекор қилинади.
Вячеслав Володиннинг сўзларига кўра, сўнгги уч ой ичида мигрантларга берилган 8 мингдан ортиқ яшаш гувоҳномаси бекор қилинган бўлиб, бу 2025 йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 90 фоизга кўп.
Шунингдек, янги яшаш гувоҳномаси ва вақтинча яшаш учун рухсатномалар бериш ҳажми ҳам сезиларли даражада камайган: мос равишда 27,8 ва 27,5 фоизга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил 1 апрель ҳолатига кўра, Россияда 6,1 миллион нафар хориж фуқароси борлиги, бир йил аввал уларнинг сони 6,8 миллионни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси“Ягона Корея” ғояси ўлди
21:05