Россиядаги чет элликлар сони 700 мингга камайди
Олам
−
18:23 764 2 дақиқа
1 апрель ҳолатига кўра, Россияда 6,1 миллион нафар хориж фуқароси бўлиб турибди. Бир йил аввал уларнинг сони 6,8 миллионни ташкил этган. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши аппарати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, биринчи чоракда Россияга 2,5 миллион нафар чет эллик ва фуқаролиги бўлмаган шахслар кирган. Бу ўтган йилга нисбатан 15 фоизга кам дегани. Миграция оқимининг қарийб 1,8 миллиони (72,4 фоизи) МДҲ давлатлари фуқароларидир.
“Кўрсатилган давр мобайнида хорижликларнинг яшаш гувоҳномаларини бекор қилиш бўйича 8,3 мингга яқин қарор қабул қилинган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 90 фоизга кўп”, дейилади хабарда.
Ҳозирда Россияда яшаш гувоҳномасига эга бўлган хорижликлар сони 581 минг кишини ташкил этмоқда.
Маълумотларга кўра, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб 56 мингдан ортиқ чет эллик сохта ҳужжатлар билан Россияга киришга уринган. Шу давр ичида 10,5 миллион хорижлик биометрик маълумот топширган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳукумат Давлат думасига мигрантлар учун давлат божларини оширишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этган. Тузатишлар Россия фуқаролигига қабул қилиш учун йиғимни 4,2 минг рублдан 50 минг рублгача оширишни назарда тутади. Расмийлар ушбу ўзгаришлар заруратини, жумладан, Ички ишлар вазирлигининг текширувлар ўтказиш ва маълумотлар базасини юритиш харажатлари ошгани билан изоҳламоқда. Давлат думаси ушбу ташаббусни устувор тартибда кўриб чиқиш ниятида.
Live
Барчаси