Россия ҳудудида жанг бошланди. Қуролли бўлинмалар чегарани бузиб ўтди 

Олам

image

Бугун, 12 март куни “Россия Озодлиги” легиони, “Россия кўнгиллилар корпуси” (РКК) ва “Сибир батальони” Россия Федерацияси чегарасини бузиб ўтди. Улар Белгород вилояти ҳудудига кирди, Курск вилоятида ҳам отишма товушлари эшитилди. Бу ҳақда ҳарбий мухбирлар ва маҳаллий Telegram-каналлар ёзмоқда.

Айтилишича, бир неча қуролли гуруҳлар Белгород вилоятига миномёт ва артиллерия ўқлари кўмагида пикап машиналарида чегарани ёриб ўтишга уринган. Бундан ташқари, ҳужумга уриниш пайтида бир нечта Украина танклари Россия чегарасига яқинлашгани даъво қилинмоқда.

Белгород вилоятининг чегара ҳудудларида жанг давом этмоқда. “РБК-Украина”нинг махсус хизматлардаги манбаларига кўра, РКК Белгород вилояти ҳудудига кириб келган. Telegram-каналларнинг таъкидлашича, Белгород вилоятидаги Лозовая Рудка чегараси РКК назоратига ўтган.

Шу билан бирга, Курск вилояти аҳолиси Теткино қишлоғи ҳудудида отишма содир бўлганлиги ҳақида хабар бермоқда. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда шаҳар яқинида тасвирга олингани айтилаётган пулемётдан отиш овозлари акс этган видео тарқалмоқда. Унда айтилишича, ҳудудда отишма давом этмоқда, икки киши яраланган, улар орасида оддий фуқаро ҳам бор.

Шунингдек, "Россия Озодлиги" легиони интернетда Россия Федерацияси ҳудудида бронетранспортёрнинг йўқ қилингани акс этган видеони эълон қилди. Жангчилар кейинроқ аниқлик киритишича, ҳодиса Теткино қишлоғида содир бўлган.

Кейинчалик, Курск вилояти губернатори Роман Старовойт расмий хабар билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, Украина томонидан “Глушковский тумани Теткино посёлкасида ўққа тутилмоқда”.

“Афсуски, у ерда жабрланган шахс бор. Маҳаллий аҳоли вакили енгил тан жароҳати олди, унга зарур ёрдам кўрсатилди”, дейди Старовоит.

Шу билан бирга, у россияликлар учун бу кеча нотинч бўлиб туюлганини эслади. Чунки биргина Курск вилоятида 11 та учувчисиз самолёт уриб туширилган, аммо минтақадаги ракета хавфи ҳалигача бартараф этилмаган. 

Шу билан бирга, РКК жангчилари Украина-Россия чегарасидан олинган видеони ҳам чоп этди.

"Хўш, дўстлар, РКК яна ҳужумда биринчи ўринда. Кремл режими армияси жангни бошламасдан ҳам қуролларини улоқтирмоқда”, дейилади видео остида қолдирилган изоҳда.

Шу билан бирга, Брянскда "профилактика чоралари" эълон қилинди. Вилоят губернатори Александр Богомазнинг айтишича, Брянск ҳудудида “террорчилик ҳаракатларининг олдини олиш бўйича профилактика чоралари кўрилмоқда”. У тафсилотларни келтирмади. Бироқ маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда шаҳарнинг бир қанча кўчалари тўсиб қўйилгани ҳақида ёзмоқда.

Украина разведкасига кўра, РКК, “Россия озодлиги” легиони ва “Сибир батальони” мустақил бўлинмалар сифатида ишлайди, чунки улар Россия Федерацияси фуқароларидан иборат.

“Ахир улар ва ниҳоят ўз уйида. Бу бўлинмаларнинг қўшма операцияси ҳозир Россия Федерацияси деб аталадиган ҳудудда амалга оширилаётгандир, эҳтимол”, дейди Украина разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов 24-каналга берган изоҳида.

Россия Мудофаа вазирлиги эса воқеалар юзасидан билдирган муносабатида Курск ва Белгородга кирган “Россия Озодлиги” легиони, “Россия кўнгиллилар корпуси” ва “Сибир батальони”ни жангчиларини “украиналик террорчилар” деб таърифлади. Вазирликка кўра, юқоридаги бўлинмалар катта талафот кўрган ва ортга чекинган. 

“Украина томонидаги чегара ҳудудида Одноробовка ҳудудида 60 нафаргача украиналик террорчи йўқ қилинди, Нехотеевка ҳудудида учта танк ва бир бронетранспортёр, Сподарюшино ҳудудида эса иккита танк йўқ қилинди. Бундан ташқари, соат 8:00 дан 8:25 гача Курск вилоятининг Теткино қишлоғи яқинида чегара ҳудудига бузиб киришга уринган Украина қўпорувчилик-разведка гуруҳининг тўртта ҳужуми қайтарилди. Катта йўқотишларга учраган душман орқага қайтарилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Россиядаги элчихонаси Москвадаги эҳтимолий терактлардан огоҳлантирганди. Бунга Буюк Британия, Латвия, Жанубий Корея, Швеция, Канада, Германия ва Чехия давлатлари ҳам қўшилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Россия кўнгиллилар корпуси Сибир батальони Россия Озодлиги легиони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг