“Россия ҳудуди Мўғулистонники бўлган”. Собиқ президент Путинга тарихни эслатди
Олам
−
13 Февраль
19109Россия Президенти Владимир Путин америкалик журналист Такер Карлсон билан суҳбатида Украинага бостириб киришини “тарихий маълумотлар” билан асослаганидан сўнг, Мўғулистоннинг собиқ президенти Цахиагийн Элбэгдорж Мўғуллар империясининг бир нечта хариталарини ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилди.
Суратлардан бири ХIII асрга тааллуқли бўлиб, Чингизхон ва унинг авлодлари томонидан босиб олинган ҳудудлар Россия, Беларусь, Украина, Туркия, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Эрон, Ўзбекистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Покистон, Хитой, Корея, Ҳиндистон каби ўнлаб замонавий давлатлар ҳудудини қамраб олганини кўриш мумкин.
Бошқа бир харита эса 1471 йилга оид бўлиб, Россия улкан Мўғул империяси ичидаги кичик бир минтақа сифатида кўрсатилган.
Элбегдорж Путинга хос мантиққа асосланиб, замонавий Россия Чингизхон авлодларига тегишли бўлганини эслатган.
“Путиннинг нутқидан кейин мен Мўғулистоннинг тарихий харитасини топдим. Хавотир олманг, биз тинч ва озод халқмиз”, деб ёзган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида Россия Украинадаги мақсадларига ҳали эриша олмагани ҳақида айтганди.