Россия ҳарбий харажатларни рекорд даражага кўтаради
Олам
−
24 Сентябрь
9494Россия ҳукумати аллақачон россиялик солиқ тўловчиларга 22 триллион рубль зарар етказган Украинадаги уруш учун ҳарбий соҳага бюджет харажатларини яна кескин оширишга тайёрланмоқда. 2025 йилда федерал ғазна “миллий мудофаа” сарлавҳаси остида рекорд даражадаги 13,2 триллион рубль ёки 142 миллиард доллар сарфлайди. Бу ҳақда Давлат Думасига тақдим этиш учун тайёрланаётган бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Ҳарбий харажатлар 2024 йилга нисбатан икки баравар, урушдан олдинги 2021 йил (3,5 триллион) билан солиштирганда эса қарийб 4 баробар ортади. Бюджетдаги деярли ҳар учинчи рубль – жами 12,9 триллион рубль - таснифланган нарсаларга сарфланади. Бундай харажатларнинг умумий ҳажми жорий йилга нисбатан 16 фоизга ёки 1,8 триллион рублга ошади.
Ҳукумат полиция, Миллий гвардия, Тергов қўмитаси, махсус хизматлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари бюджетларини ўз ичига олган “миллий хавфсизлик” сарлавҳаси остида яна 3,5 триллион рубль сарфлайди. Умуман олганда, армия ва хавфсизлик кучларига федерал бюджетнинг 40 фоизи ёки 16,7 триллион рубли сарфланади.
Қайд этилишича, ҳукумат соғлиқни сақлашга бюджет харажатларини жорий йил даражасида – 1,6 триллион рубль миқдорида музлатиб қўйишни ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, шу жумладан пенсия ва нафақаларни тўлаш учун бюджет харажатларини сезиларли даражада қисқартиришни режалаштирмоқда. 2025 йилда ушбу мақсадлар учун 6,8 триллион рубль ажратилади, бу 2024 йилга нисбатан 700 миллиардга кам.
Таълим харажатлари, бюджет лойиҳасига кўра, бироз ошади – 1,5 дан 1,6 триллион рублгача. Ҳукумат “миллий иқтисодиёт” сарлавҳаси остида сезиларли ўсишни – 10 фоизга ёки 400 миллиард рублга – мегалойиҳалар ва давлат корпорацияларига ёрдамни ўз ичига олган бюджетни режалаштирмоқда.
Солиқларнинг кўпайиши ҳукуматга ҳарбий бюджетни мувозанатлашда ёрдам беради: 2025 йилдан бошлаб Россияда шахсий даромад солиғининг прогрессив шкаласи ишлай бошлайди ва бизнес фойдасига солиқ ҳам ошади. Бу, Молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, ғазнага қўшимча 2,6 триллион рубль олиб келади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь