Росгвардия раҳбари Пригожин исёни тугаганидан уч кун ўтгач, “тилга кирди”
Олам
−
27 Июнь 2023
30877Росгвардия раҳбари Виктор Злотов Пригожиннинг қуролли исёни тугаганидан деярли уч кун ўтиб, бу бўйича изоҳ берди.
Злотовнинг айтишича, Ғарб Пригожиннинг қўзғолони ҳақида олдиндан билган бўлиши мумкин ва ушбу ҳаракат Ғарб томонидан илҳомлантирилган ҳамда Пригожиннинг амбициялари устига қурилган.
Росгвардия раҳбари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қўзғолон давомидаги фаолиятини аъло даражада баҳолаб, “Вагнер” Россия бўйлаб бунчалар эркин ҳаракатланганини асосий кучларнинг Москва яқинида тўплангани билан изоҳлаган.
Унинг таъкидлашича, қўзғолон фонида Москвада бирор провокация юзага келганида ҳам бостирилган бўлар эди.
“Биз ғалаба қозонишимизни билардик, исёнчилар Москвани эгаллай олмаган бўларди”, дейди у.
Бундан ташқари Злотов қўзғолон вақтида Путин билан доимий алоқада бўлиб турганини қўшимча қилган. Шунингдек, у Росгвардия учун оғир техникалар ҳамда танкларни жалб қилиш масаласини ҳам Путин билан муҳокама қилганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олганди. Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Бунинг ортидан Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ҳужум отрядлари жангчиларига, Президент Владимир Путин эса россияликларга мурожаат билан чиқди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Россияда бўлиб турган фуқароларини огоҳлантирди.