Роналду ва Кейннинг қайтиши: бугун АПЛнинг 4-турига старт берилади

Спорт 952
image

Бугун, 11 сентябрь куни FIFA кунларидан сўнг, Англия Премьер лигасининг 4-тур ўйинларига старт берилади. 

“Манчестер Юнайтед” ўз майдонида “Ньюкасл”ни қабул қилади. Эътиборли томони ушбу ўйинда “қизил иблислар” сафига қайтган Роналду 12 йиллик танаффусдан сўнг, АПЛда дебют учрашувини ўтказади. МЮ 3 турдан сўнг, 7 очко тўплаган ҳолда мусобақа жадвалининг 2-поғонасида бормоқда. “Оқ-қоралар” эса атиги 1 очко билан 17 ўринда жойлашган.

Португалиялик футболчи клублар сафида 48 марта хет-трик қайд этган. У илк марта 2008 йилда айнан “Ньюкасл” дарвозасини 3 бор ишғол қилган.

Турнир жадвали етакчиси “Тоттенхэм” “Селхерст парк” стадионида “Кристал Пэлас” меҳмони бўлади. Ушбу ўйинда жамоа тўпурари Харри Кейн майдонга тушади. “Тақачилар” 9 очко билан 1-ўринда бормоқда, “бургутлар” эса 2 очко эвазига 14 ўринда қайд этилган.

Ўтган мавсумда ЕЧЛ бош совринини қўлга киритган “Челси” “Астон Вилла”ни қабул қилади. Лукаку жароҳати сабаб учрашувни ўтказиб юборади. “Аристократлар” 7 очко жамғариб, 4 ўринда бормоқда, “Астон Вилла” 11 поғонага жойлашган. Жамоа ҳисобида очко мавжуд.

АПЛ чемпиони “Манчестер Сити” турнинг марказий баҳсида “Лестер” майдонига сафар қилади. Жамоалар сўнгги марта Англия суперкубоги доирасида ўзаро тўқнаш келганди ва унда “тулкилар” зафар қучганди. Ҳар икки жамоа 6 очкодан жамғарган. “Шаҳарликлар” жадвалнинг 7 поғонасида жойлашган, “Лестер” эса 9-ўринда.

Шунингдек, “Арсенал” – “Норвич”, “Брентфорд” – “Брайтон”, “Саутгемптон” – “Вест Хэм” учрашувлари ҳам бугун, 11 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда “Манчестер Сити” АПЛ чемпионлигини қўлга киритган эди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 2.8
t
×