Роналду АПЛ янги мавсуми бошланмасдан МЮдан “қуён бўлмоқчи”

Спорт 3569
image

Португалия терма жамоаси ва “Манчестер Юнайтед” футболчиси Криштиану Роналду “қизил иблислар” сафини Англия Премьер лигасидаги илк ўйинини ўтказмасдан олдин тарк этмоқчи. Бу ҳақда АS нашри хабар қилди.

Қайд этилишича, Роналду мавсумни бир клубда бошлаб, бошқа жамоада давом эттиришни истамайди. Шунинг учун Криштиану “Юнайтед”ни Премьер лиганинг янги мавсуми бошланишидан олдин тарк этиш ниятида.

Роналдунинг агенти Жорже Мендеш бир неча ҳафта давомида Европанинг бир қанча йирик клублари, жумладан, “Барселона”, “Атлетико”, “Челси”, “Бавария”, “Наполи” раҳбарлари билан учрашув ва суҳбатлар ўтказган. Бироқ ҳеч бир жамоа 37 ёшли футболчини сотиб олиш учун реал таклиф билан чиқмаган.

Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда фаол бўлиб турган Роналду ўзи ҳақида тарқалаётган миш-мишларни кескин инкор этмоқда. Бироқ жорий йилнинг 31 июль куни Манчестер клуби “Райо Валекано” билан ўртоқлик ўйини ўтказди ва 37 ёшли футболчи захирага олингач, баҳс якунланишини кутмасдан стадиондан чиқиб кетди. Албатта, бу ҳолат матбуот назаридан четда қолмади ва Роналду ҳақидаги гап-сўзлар янада кўпайди.

“Манчестер Юнайтед” учун Англия Премьер лигасининг жорий мавсуми 7 август куни старт олади. Ўша куни “қизил ибилислар” “Брайтон”га қарши баҳс олиб боради. Агар, Роналду “Брайтон”га қарши учрашувда майдонга тушса, катта эҳтимол билан мавсумни “Юнайтед”да давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, Роналду 2021 йилдан буён “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2023 йилгача мўлжалланган. Ўтган мавсумда Роналду “қизил иблислар” сафида барча мусобақаларда 38 та ўйин ўтказиб, 24 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширган. “Тransfermarkt” портали португалиялик иқтидор эгасини 35 миллион еврога баҳоламоқда.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 50
Рейтинг: 2.9
t
×