“Роббим, рози бўлгин “мардкор” боламдан”. Ақтўбе фожиасига 3 йил тўлди

Таҳлил 10659
image

Оҳ болам, сен учун нонлар ёполмам, 
Оловда кўринар кулган суратинг. 
Кетмасанг бўларди олис юртларга, 
Ерда қолмас эди қора меҳнатинг.

2018 йил 18 январь. Ердан қорнинг оқи кетмаган. Қаҳратон қиш. -40 даража совуқ. Қозоғистоннинг йўллари музлаган Ақтўбе областида “Сетра” автобуси 50 километр соат тезлик билан ҳаракатланиб борарди. Афсуски, кимсасиз йўлнинг бир қисмида Россияга йўл олган автобус фалокатга учради. Автобус манзилига етиб бормай, Ақтўбе областининг Ирғиз туманига етганида ёниб кетди. Россия томон отланган ушбу уловда 55 нафар ўзбекистонлик бор эди. Улардан 52 нафари ҳалок бўлди. Манзил ва мақсадлар кулга айланиб, ўша ерда қолиб кетди. Вақтнинг ўтишини қаранг, мана шу фожиага ҳам роппа-роса уч йил бўлибди. Бироқ, бу кун кўплаб оилаларнинг ҳотирасида худди кеча юз бергандек сақланиб қолган.

Автобусда ёнғин чиқишига нима сабаб бўлганди?

Аниқланишича, 52 нафар ўзбекистонлик билан ёниб кетган “Сетра” автобуси 2,5 йилдан буён техник кўрикдан ўтмаган бўлган. Шунингдек, автобус эгаси Ордухан Мехтиевда йўловчи ташиш учун лицензия бўлмаган. 

Қозоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари Ерлан Тургумбаев автобуснинг ёниб кетишига кавшар лампа сабаб бўлганини маълум қилган. 

“Автобуснинг двигатели ўчиб қолгани ва машина ичи совуқ бўлгани сабаб ушбу кавшар лампадан иситгич сифатида фойдаланилган. У икки соатга яқин ишлаган ва табиийки газ-бензинли аралашма бутун салонни эгаллаган. Тасодифан бензин тўкиб юборилганида эса ёнғин юзага келган”, деган Тургумбаев.

Ушбу версия омон қолганларнинг кўрсатмаси асосида тасдиқланган. 

“Автобуснинг ичи жуда совиб кетганди. Шунинг учун ҳамроҳларимиз салонни кавшар лампа билан иситарди. Ёнғин чиққан пайтда мен уйқуда бўлганман. Автобусда беш литрли канистрда бензин бўлган. Унинг оғзи очиқ бўлган. Ўша канистрдаги бензин ёниб кетгач, бутун автобус олов ичида қолган”, деган эди ўша фожиали кунда омон қолган ўзбекистонлик йўловчи Аҳрор Исоқов.

Шавкат Мирзиёев Ақтўбе фожиаси ҳақида

“Ақтўбеда бўлган фалокат ҳам кўп нарсадан далолат беради. Халқимиз олдида ҳали жуда-жуда қарзимиз кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрганлари, бу албатта, давлатчилик, давлат раҳбарияти нуқтаи назаридан, ҳамма тизимдаги раҳбарларга бу – энг катта хато ва камчиликларимизни ўз вақтида ҳал қилмаганимиздан далолат. Шунинг учун улар бегона юртларда сарсон-саргардон. Бечора, уларнинг ҳам умиди бор эди, не ниятлар билан боламни боқаман, отамга бир сўм олиб келаман, деб мана... Ёш-ёш йигитлар дейишяпти... Ҳаммаси ўзбекистонликлар... Албатта, жуда катта қайғудамиз, ота-оналарга ҳамдардлик юбордик”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

Ақтўбе фожиаси бўйича суд ҳукми

Ўша маъшум воқеа юз берганидан сўнг, бир неча ойлар ўтди. Ақтўбе суди уч нафар автобус ҳайдовчиси ва ишга алоқадор яна икки кишига ҳукм ҳам чиқарди. Унга кўра, ҳайдовчилар 5 йилга, транспорт компанияси таъсисчиси ва механиги эса 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, суд судланувчилар томонидан ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг оила аъзоларига 2 миллион тенге миқдорида товон пули ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Бироқ, бу билан кетганларни қайтариб, уларнинг яқинларининг кўнглини олиб бўлмасди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 339
Рейтинг: 3
Теглар
t
×