Риштонда фуқаро ИИБ хонасида ҳушини йўқотгани ортидан ходимларга хизмат текшируви тайинланди (видео)
3-саҳифа
−
05 Июль
8132Фарғона вилоятининг Риштон тумани ИИБ биносига олиб кирилган фуқаро ҳушини йўқотиб, реанимацияга ётқизилганлиги ҳақидаги ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, кеча, 4 июль куни Риштон туманининг Гумбаз маҳалласида фуқаро Р.М. (видеотасвирдаги фуқаро) Cobalt автомашинасида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб “Тўхташ тақиқланади” йўл белгиси таъсир доирасига автомашинани қўймоқчи бўлганда, ИИО ходимлари унга ҳуқуқбузарлигини тушунтирмоқчи бўлган. Бироқ Р.М. ходимларнинг қонуний талабини бажармасдан, уларни ҳақорат қилиб, транспорт воситасини шу ерда турган фуқаролар ва ИИБ ходимлари устига ҳаракатлантирган.
Шундан сўнг ҳуқуқбузарлик содир этаётган шахс зарарсизлантирилиб, мажбурий тарзда ИИО таянч пунктига олиб борилган. Таянч пунктига унинг акаси М.Р. ҳам келиб, бақир-чақир қилиб, ходимларга қаршилик кўрсатган.
Шу пайт Р.М.нинг тутқаноғи тутиб ўзини йўқотган (фуқаро Р.М.нинг муқаддам автоҳалокат оқибатида орттирилган эпилепсия касаллиги бўлган). Фуқарога тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Келтирилишича, тиббий кўрик жараёнида фуқарога жароҳат етказилиш ҳолати аниқланмаган. Ҳозирда фуқаро Р.М. ва акаси М.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилиб қонуний чора кўриш учун судга юборилган. Шунингдек, ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун хизмат текшируви тайинланган.
LiveБарчаси