Режасини бажармаган бирорта вазир ёки ҳоким хотиржам ишлашга ҳақли эмас – Президент

Жамият

image

Ҳозирги шароитда ойлик, чораклик ва йиллик режасини бажармаган бирорта вазир, ҳоким ёки тармоқ раҳбари хотиржам ишлашга ҳақли эмас. Бу ҳақда бугун, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз очди.

Йиғилишда давлат раҳбари сўзга чиқадиган раҳбарлар фақат ҳисобот билан чекланмасдан, қандай янги захиралар топгани, уларни ишга солиш бўйича қандай тизим ташкил этаётгани ва йил якунигача қандай натижага эришишини аниқ тушунтириши зарурлигини қайд этган. Шунингдек, глобал вазият ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда ҳар бир раҳбар қўшимча сценарийлар билан ишлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Йил бошидан мамлакат иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсган. Саноатда 8 фоиз, хизматларда 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш таъминланган.

Инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт 14,4 миллиард долларга етган. Нуфузли “ Fitch” ва “ Moody’s” халқаро рейтинг агентликлари мамлакат суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади.

Шу билан бирга, давлат раҳбари 40 миллионли аҳоли ҳаётини яхшилаш учун 9-10 фоизли иқтисодий ўсиш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинган.  Айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот, қурилиш ва инвестиция кўрсаткичлари бўйича имкониятлар тўлиқ ишга солинмагани кўрсатиб ўтилган.

Давлат раҳбари ҳозирги глобал тебранишлар шароитида вилоят, туман ва шаҳарларга тадбиркорлик ҳамда ижтимоий инфратузилма лойиҳалари учун маблағлар кўпайтириб берилаётганини қайд этган.

Шу билан бирга, ҳар бир вазир ва ҳокимнинг иши одамларнинг яшаш маданиятида сезилмаса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмаса, бундай натижа фақат “қоғоздаги рақам” бўлиб қолиши таъкидланган.

Ойлик, чораклик ва йиллик режасини бажармаган бирорта вазир, ҳоким ёки тармоқ раҳбари бундай шароитда хотиржам ишлашга ҳақли эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг