Рекордсмен: Роналдунинг ўрнатмаган қандай рекордлари қолди?

Спорт 8508
image

Криштиану Роналду яқинда 36 ёшни нишонлади. Одатда, футболчилар бу ёшга етганида фаолиятини тугатиш ва футболдан кейинги ҳаёти қандай бўлиши ҳақида қайғуришни бошлайди. 

Лекин Роналдуни ҳали бундай саволлар қизиқтирмайдиганга ўхшайди. Португалияликнинг қайд этаётган статистикасидан ҳам кўриниб турибдики, унинг ҳолати вақт ўтган сари яхшиланиб, рекордлар қайд этишда давом этмоқда. “Ювентус” ҳам супер юлдузнинг барча рекордларни янгилашини истайди, шекилли, Роналду билан шартномани 2023 йилгача узайтириш ниятида эканини маълум қилган. Хўш, ўзи португалиялик форварднинг ўрнатмаган қандай рекордлари қолди?

“Олтин тўп”ни энг кўп қўлга киритган футболчи

“Олти тўп”ни футболчи учун шахсий ютуқлар ичида бош соврин дейиш мумкин. Лионель Месси ва Криштиану Роналду ушбу совринни ютиш бўйича ўзига хос тенденция вужудга келтирди. Улар қайд этган даражага яқин орада ҳеч ким яқинлаша олмаса керак. Бироқ, Роналдунинг ҳисобида ушбу совриндан 5 та бор. Ҳа, бу – кўп. Лекин “Олтин тўп”ни энг кўп ютган футболчи Месси бўлиб, унинг ҳисобида бундай совриндан нақ 6 та бор. Роналду ушбу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда қолмоқда.

Энг кўп соврин ютган футболчи

Бразилиялик ҳимоячи Дани Алвес дунёдаги энг титулга бой бўлган футболчи бўлиб, унинг ҳисобида 42 та соврин бор. Криштиану ушбу рўйхатнинг тўққизинчи поғонасида, “Барселона”нинг собиқ ярим ҳимоячиси Хави билан тенг кетмоқда. Уларнинг ҳар бирида 33 тадан соврин мавжуд. Охирги марта 2021 йил январида португалиялик “Ювентус”га Италия суперкубогини ютишда ёрдам берди. Ушбу кўрсаткич бўйича энг чўққига чиқиш жуда қийин бўлса-да, Роналду 36 та соврин ютган Мессига етиб олишга уриниб кўрса бўлади.

УЕФА Чемпионлар Лигасини энг кўп ютган футболчи

УЕФА Чемпионлар Лигасини ютиш бўйича рекорд ўрнатган футболчи “Реал Мадрид”нинг собиқ ҳужумчиси Пако Хенто бўлиб, унинг ҳисобидан 6 та шундай соврин мавжуд. Криштиану эса Чемпионлар Лигасини 5 марта ютган: 1 марта “Манчестер Юнайтед” ва 4 марта “Реал Мадрид” сафида. Португалияликнинг ушбу рекордни янгилаши уддалаб бўлмас топшириқ эмас. 

Учта клуб билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан футболчи

Кларенс Зеедорф ва Самуэл Это’О Чемпионлар Лигасини уч хил жамоа билан ютишга муваффақ бўлган. Нидерландиялик “Аякс”, “Реал Мадрид” ва “Милан” клубларининг сафида ушбу кубокни боши узра кўтарган. Это’О эса “Реал Мадрид”, “Барселона” ва “Интер” сафида Зеедорфнинг рекордини қайтирган. Роналду “Манчестер Юнайтед” ва “Реал Мадрид” билан Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди. Агар португалиялик “Ювентус” билан ҳам ушбу кубокка сазовор бўлса, у афсоналарнинг яна бир рўйхатидан жой олади.

Терма жамоа сафида энг кўп гол урган футболчи

Роналду Португалия терма жамоаси сафида 102 та гол уриб, термаси учун 109 та гол урган эронлик Али Даеидан 7 та голга ортда қолмоқда. Бу йил португалиялик ушбу кўрсаткич бўйича жаҳон рекордини янгилашга уриниб кўради.

Европа чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар

Криштиану Роналду тўртта Европа чемпионатида 9 та гол урди. У Евро-2004 да иккита, Евро-2008 да битта гол ва 2012-2016 йилларда учтадан гол урган. Айни вақтда португалиялик ҳужумчи Мишель Платини билан бу борада 1-ўринда турибди. Агар Роналду атига  битта гол уришни уддаласа, якка етакчига айланади.

Премьер-лига, Ла Лига ва А Серия чемпионатларида “Олтин бутса”ни ютган футболчи

Рони АПЛда бир марта “Олтин бутса” совринини қўлга киритган ва 3 марта Ла Лиганинг энг яхши тўпурари бўлган. “Ювентус”да ҳам ушбу совринни қўлга киритса бўлди. У 2019/2020 йилги мавсумда бомбардимончилар пойгасида ғолиб чиқишга яқин эди, аммо Иммобиле ушбу совринни илиб кетди. Жорий мавсумни португалиялик ёмон бошламади. Ҳозирда у 18 та учрашувда майдонга тушиб, 16 та гол урган ва шу тариқа А Серия тўпурарлари рўйхатида етакчилик қилмоқда.

УЕФА Чемпионлар Лигасида энг кўп ўйин ўтказган футболчи

Икер Касильяс Чемпионлар Лигасида 177 та учрашувда майдонга тушиб, энг кўп ўйин ўтказган футболчи бўлиб турибди. Роналдуга ушбу кўрсаткични янгилаш учун жуда оз қолди. “Ювентус” форварди ушбу чемпионат доирасида 174 та учрашувда майдонга тушган. Қайд этиш керакки, Лионель Месси 147 та учрашув ўтказиб, португалияликдан анча ортда қолмоқда.

А Серияда битта мавсумда энг кўп гол урган футболчи

Ушбу кўрсаткич бўйича 36 та гол билан 1928/1929 йилги мавсумда “Торино” ҳужумчиси Жино Россетти ва 2015/16 йилги мавсумда “Наполи”дан Гонсало Игуаин етакчилик қилмоқда. “Ювентус” форварди биринчи ва иккинчи мавсумда мос равишда 21 ва 31 та гол урган. У жорий мавсум яна ўсишга эришиб, 36 та гол урса, ушбу рўйхатда ҳам TOП ўриндан жой олади. 

“Ювентус” да битта мавсумда энг кўп гол урган футболчи

Мавзудан четга чиқмасдан, “Ювентус”нинг бир мавсумда энг кўп гол урган ҳужумчисига тўхталиб ўтамиз. Айни дамда ушбу рекорд Ференц Хирзерга тегишли. 1925/1926 йилги мавсумда у Италия чемпионати дарвозабонларини 35 марта хафа қилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 345
Рейтинг: 2.9
t
×