Реклама қонунчилигини бузган телеканалларга чора кўрилди
Жамият
−
13 Ноябрь
4233Реклама қонунчилиги талабларини бузган бир неча телеканалларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Рақобат қўмитаси аввалроқ телеканалларни рекламага оид ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб мувофиқлаштириш ва қайта кўриб чиқиш бўйича огоҳлантирган. Бироқ ижтимоий тармоқларда бир қатор телеканаллар томонидан тақдим этилаётган рекламалар ҳажми кўплиги, реклама роликлари эфири узоқ вақт давом этиши юзасидан қолдирилган мурожаатлар кескин муҳокамаларга ва кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
“Бу борада Қўмита Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда телеканалларда жойлаштирилган рекламалар ҳажмининг реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда”, дейилади хабарда.
Олиб борилган таҳлиллар давомида 3 та телеканалда, жумладан “FTV”, “Muloqot” ва “Amudaryo” телеканаллари томонидан жорий йилнинг апрель-июль ойларида жойлаштирилган рекламалар ҳажми қонунчилик билан белгиланган меъёрлардан ортиқлиги ҳолатлари аниқланган.
Юқоридагиларга асосан Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиш аломатлари юзасидан бир неча телеканалларига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Маълумот учун, “Реклама тўғрисида”ги Қонунинг 27-моддасига мувофиқ, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг (шу жумладан теледўкон рекламаси каби рекламанинг) умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмаслиги белгиланган. Билдирилишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан бошқа телеканаллар фаолияти бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда.
LiveБарчаси