“Реал Мадрид” Мексика клубини мағлуб қилолмади
Спорт
−
27 Июль 2022
3117Кеча, 26 июль куни Сан-Францискодаги (АҚШ) “Оракл Парк” стадионида Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби Мексиканинг “Америка” жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Баҳс 2:2 ҳисобидаги дурранг билан якунланди.
Кутилмаганда ҳисоб мексикалик футболчилар томонидан очилди. Учрашувнинг 5-дақиқасида Энри Мартин Мигель Лаюн томонидан узатилган тўпни Андрей Лунин қўриқлаётган дарвозага жойлаб қўйди.
Қайд этиш жоизки, ҳисобда ортда қола бошлагач, ҳужумга зўр берди ва 22-дақиқада Марко Асенсионинг узатмасидан сўнг франциялик ҳужумчи Карим Бензема ҳисобни тенглаштирди. Томонлар қанчалик ҳаракат қилмасин биринчи бўлимда бошқа ҳисоб ўзгармади.
Иккинчи тайм Мадрид клубининг ташаббуси остида бошланди. “Қироллик” клуби футболчилари 55-дақиқага келиб, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Мексикаликлар дарвозасига белгиланган пенальтидан Эден Азар унумли фойдаланди. Шундан сўнг, учрашувдаги воқеалар ривожини “Реал Мадрид” назорат қилди. Аммо барибир, якуний ҳисоб “Америка” футболчилари томонидан ўрнатилди. Яъни, 82-дақиқада Альваро Фидальго орадаги фарқни тиклади. Шу тариқа, “Реал Мадрид” ўртоқлик учрашувида бўлса-да, ўзидан кутилмаган натижани қайд этди.
Маълумот учун, Америкадаги йиғин доирасида “Реал Мадрид” “Барселона” билан ҳам ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган эди.