“Реал” бешинчи марта UEFA Суперкубогини қўлга киритди

Спорт

image

Испаниянинг “Реал” футбол клуби UEFA Суперкубоги учун кечган баҳсда Германиянинг “Айнтрахт” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув кеча, 10 август куни Хельсинкидаги Олимпия стадионида бўлиб ўтди.

Ғолиблар сафида Давид Алаба (37-дақиқа) ва Карим Бензема (65-дақиқа) голларга муаллифлик қилди. Бензема учун бу “Реал” таркибидаги 324-гол бўлди ва у бу борада Раулни ортда қолдириб, иккинчи ўринга кўтарилди. Жамоанинг энг яхши тўпурари португалиялик Криштиану Роналду (450 та гол) ҳисобланади.

UEFA Суперкубоги учун ўйинда Чемпионлар лигаси ва Европа лигасининг ўтган мавсумида ғолиб чиққан жамоалар ўйнайди. “Реал Мадрид” май ойида Англиянинг “Ливерпуль” жамоасини мағлуб этиб (1:0), 14-марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Европа лигаси финалида “Айнтрахт” Шотландиянинг “Глазго Рейнжерс” клубини пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида мағлуб қилди. Ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланганди.

Мадриднинг “Реал” клуби бешинчи марта UEFA Суперкубогини қўлга киритди, бунгача жамоа 2002, 2014, 2016 ва 2017 йилларда кубокни қўлга киритган. UEFA Суперкубогидаги ғалабалар сони бўйича Мадриднинг “Реал” клуби Испаниянинг “Барселона” ва Италиянинг “Милан” клублари билан биринчи ўринни бўлишиб турибди.

“Реал” ва “Айнтрахт” тарихда иккинчи марта тўқнашди. Бунгача клублар 1960 йили Европа кубоги (ҳозирги Чемпионлар лигаси) финалида ўйнаган, учрашув 7:3 ҳисобида “Реал” фойдасига ҳал бўлган.

Ўйинда биринчи марта офсайдни аниқлаш хусусиятига эга яримавтоматик тизим қўлланди. Бу тизим бундан буён Чемпионлар лигаси ва Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2022 нинг гуруҳ босқичи ўйинларида қўлланилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Реал Суперкубок

Баҳолаганлар

222

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг