Равшан Эрматов: “Клубларнинг хусусий бўлиши футболни фақат ривожлантиради”
Спорт
−
12 Ноябрь 2019
4091Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Президент томонидан имзоланган "2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш Дастури" ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Иқтидорли футболчиларни танлаб олиш (селекция) мақсадида умум таълим мактаблари ўқувчилари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари ўртасида футбол мусобақаларини тизимли ташкил этиш йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Шунингдек, футбол бўйича селекционерларни моддий рағбатлантириш ва мукофотлаш механизмини ҳам ишлаб чиқиш ва жорий этиш кўзда тутилаётгани таъкидланди.
Қайд этилишича, малакали тренер кадрларни тайёрлаш мақсадида футбол бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган шахслар учун жойларда тренерлик курслари ўтказилади.
ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов республикамизнинг қанча қисми футбол билан шуғулланаётганини айтиб ўтди:
"Нега Англияда футбол ривожланган, деб сўраймиз. Қуйидаги статистикага эътиборингизни қаратмоқчиман. Британияда 11 миллион одам футбол билан мунтазам шуғулланади. Бу аҳолининг 21 фоизи дегани. Россияда 6 миллион (аҳолининг 4 фоизи), Германияда 16 миллион (аҳолининг 20 фоизи) одам футбол билан шуғулланади. Таққослаш учун, бизда бу кўрсаткич 0,14 фоизни ташкил қилади".
Журналистлар билан мулоқот пайтида Ўзбекистонда клубларни хусусийлаштириш борасида қандай ишлар олиб борилаётгани ҳақида савол берилди.
"Дунё футболида кўплаб катта жамоалар хусусий ҳисобланади. Клубларнинг ўз эгаси бор ва улар ўша клубларга фойда олиш учун инвестиция тикади. Албатта, клубларнинг хусусий бўлиши футболни фақат ривожлантиради. Бизда ҳозир фақат иккита хусусий клуб бор: "Пахтакор" ва "Қўқон-1912". Умид қиламанки, бундай жамоалар сони ошади", деди Равшан Эрматов
Шаҳноза Тўрамуротова
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15