Расмий Баку Арманистон чегарада отишма чиқарганини эълон қилди
Олам
−
03 Май 2022
5826Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон билан давлат чегараси ҳудудида Озарбайжон армиясининг позициялари ўққа тутилгани ҳақида хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, 1 май куни соат 13:40 дан 17:45 гача Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Давлат чегарасининг Басаркечер тумани йўналишида Озарбайжон армиясининг Калбажар туманининг Зяйлик ва Йеллиджа аҳоли пунктларида жойлашган позицияларига вақти-вақти билан граната ва пулемётлардан ўқ узган.
Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Озарбайжон томони “адекват чоралар кўрган”, “шахсий таркиб ва техникада йўқотишлар йўқ”.
“Ҳозирда ушбу йўналишдаги вазият барқарор, оператив вазият Озарбайжон Қуролли Кучлари бўлинмаларининг тўлиқ назоратида”, дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси