Расман: Президент сайлови куни белгиланди, сайлов кампаниясига старт берилди

Жамият 11324
image
-

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Бугун, 23 июлдан эса Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига старт берилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди.

Айни вақтда Тошкентдаги симпозиумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдидан ташкил этилган Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Унда сўзга чиққан МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев Президент сайлови кунини расман эълон қилди. 

Унинг қайд этишича, жорий йилнинг 8 февраль куни қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Конституциянинг 117-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган.

“Бунга асосан сайлов санаси 24 октябрь кунига тўғри келмоқда. Марказий сайлов комиссияси Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ 2021 йил 24 октябрни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Сайлов кодексининг 36-моддасига асосан бугун, 23 июль кунидан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясининг бошлангани эълон қилинади”, дейди Низомхўжаев. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида сўнгги Президент сайлови 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтган эди. Унда 4 номзод – Сарвар Саъдуллаевич Отамуротов (“Миллий тикланиш” ДП), Шавкат Миромонович Мирзиёев (ЎзЛиДеп), Хотамжон Абдураҳмонович Кетмонов (ХДП), Наримон Мажидович Умаров (“Адолат” СДП) Президентлик учун ўзаро беллашдилар. Сайлов натижаларига кўра, Шавкат Мирзиёев 15 миллион 906 минг 724 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар 88,61 фоиз овозини тўплаб, 5 йил муддатга Президентлик курсисини эгаллади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 347
Рейтинг: 3
t
×