Расман: Президент Азизовни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолади

Жамият

Президент Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимида ишлаб келган Абдусалом Абдумавлонович Азизовни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Унга кўра, Абдусалом Азизов Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан озод этилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилган.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига эса Баҳодир Низомович Қурбонов тайинланди ва унга навбатдаги махсус генерал-полковник ҳарбий унвони берилди.

Абдусалом Азизов 2019 йилдан бери ДХХ раиси сифатида ишлаб келаётганди. Азизов Хавфсизлик кенгашида қайси лавозимда иш бошлаши ва бу ўзгариш нимани англатиши аниқ эмас.

Маълумот учун, Абдусалом Абдумавлонович Азизов 1960 йилнинг 20 январида Тошкент шаҳрида туғилган. У Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган. 2003-2006 йилларда “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси бошқарув раиси, 2006-2008 йилларда “Ўзбекнефтмаҳсулот” АК бош директори, 2005 йилда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, 2008 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, 2008 йил декабрдан 2009 йил декабргача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, шу билан бирга Ўзбекистон футбол федерациясининг вице-президенти, 2009 йилдан 2017 йилгача Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 2017 йил январдан сентябргача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, 2017 йил сентябрдан 2019 йилгача Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимларида фаолият юритган. У 2017 йилда генерал-майор, 2019 йилда генерал-лейтенант ҳарбий унвони билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Ғайратжонович Холмуҳаммедов Мудофаа вазири этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Абдумавлонович Азизов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг