Расман: Назарбоев моделга уйлангани ва 65 ёшида ўғил кўргани фош бўлди
Бу қизиқ
−
30 Ноябрь 2023
129004Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг уч қиздан ташқари яна икки ўғли ҳам бор. У бундан бир неча йил аввал ўзидан анча кичик қиз билан турмуш қурган ва икки фарзанд кўрган. Бугунгача сир бўлган ушбу маълумотларни Назарбоевнинг ўзи фош қилди. У бу ҳақда “Менинг ҳаётим. Мустақилликдан озодлик сари” номли хотиралар китобида ёзди.
Китоб ҳозирча кенг жамоатчилик учун сотувга чиқарилгани йўқ, у фақат муаллиф томонидан танланган сиёсатчилар, экспертлар ва журналистларга совға қилинмоқда.
Китобда Назарбоев сиёсий фаолияти ва шахсий ҳаётига тўхталган. Ҳаммуаллиф йўқ, хотиралар Назарбоев томонидан шахсан ёзилган.
Китобда 2011 йил Жанаўзенда содир бўлган воқеалар, 2019 йилда ҳокимият транзитига алоҳида боблар ажратилган. Шунингдек, амалдаги Президент Қосим-Жомарт Тўқаев номи ҳам тилга олинган. Уларнинг муносабатлари ҳақида бир нечта қизиқарли, илгари эшитилмаган тафсилотлар бор.
У иккинчи турмуш ўртоғи – Айсель билан қандай танишганини китобда бундай эслаган:
“Бир куни менга Толдиқўрғонга бориш насиб этди. Анъанага кўра, давлат раҳбари ҳудудларга амалий ташрифи чоғида самолёт трапи олдида гуллар билан кутиб олинади. Маълумки, бундай маросимда иштирок этиш учун энг гўзал маҳаллий қизлар танлаб олинади. Бу биз узоқ вақтдан бери ўрганиб қолган чиройли маросим.
Аэропортда менга гул совға қилган қиз ҳайратланарли даражада гўзал эди. У узоқ вақт хотирамдан ўчмади ва кейин тез-тез унинг ёрқин юзида ёниб турган кўзлари ва нафис, чизилган қоматини эсладим”, деб ёзган Назарбоев.
Президент кўп вақт ўша қизнинг ишқида ёнади. Кунларнинг бирида унинг суратини газета муқовасида кўради ва уни севиб қолганини англайди.
“Кунлар ўтди. Толдиқўрғон аэропортида мени кутиб олган ўша гўзал қизнинг сиймоси хотирамда қайта-қайта жонланаверди. Бир куни уни топиш учун тўсатдан сабаб пайдо бўлди. Матбуотни кўздан кечираётган эдим, бир газетадаги сурат мени “уйғотиб” юборди: Остонада “Мисс Қозоғистон” гўзаллик танлови ўтказилибди, унда ўша қиз (исми Асель экан) Гран-прини қўлга киритибди. Энди уни топиш қийин эмасди.
Танишувимиз ўзаро илиқликка, илиқлик эса яқинлашишга айланди. Аста-секин учраша бошладик. Аселнинг ташқи кўринишида ҳам, фикр-мулоҳазаларида ҳам мен излаган кўплаб фазилатлар бор эди. Ва энг муҳими, мен йиллар давомида давом этган руҳий ёлғизликдан халос бўлдим”, деб ёзган Назарбоев.
83 яшар Назарбоев китобида Асель билан Ислом одатларига кўра турмуш қургани, ундан икки ўғил фарзанд кўргани, 2005 йилда туғилган ўғлининг исми Тауман, 2008 йилда дунёга келган ўғлининг эсми эса Байкен эканини ёзган.
“Оталик қувончи, чақалоғимни ўпиш бахти 65 ёшимда яна қайтди. Чақалоқларимнинг илк қадамлари, биринчи сўзлари ва болаларча ажойиб нутқи, уларни қучоғимда кўтариб юриш, ўйинчоқларининг сеҳрли олами, биринчи синфга бориши, ўқиган ва ёзган илк ҳарфларининг завқи, ишдан уйга қайтганимда менга қараб қиқирлаб югуриши... – буларнинг барчаси пойтахт қурилиши давридаги машаққатларни енгиллаштиргандек эди.
Ўша кунларни, йилларни меҳр билан ёдга оламан. Умуман олганда, ҳаётдаги энг муҳим нарса, энг чинакам ва абадий бахт инсонга фақат бола томонидан ва фақат ота-она бўлиш шарафи билан берилиши мумкин”, дейди Назарбоев.
Унинг ёзишича, Асель билан турмуш қурганидан биринчи ва жамоатчиликка таниш бўлган турмуш ўртоғи, уч қизининг онаси Соранинг ҳам хабари бор ва у эрини кечирган.
“Ёшлигимдан суянчим бўлган, энг оғир синовли дамларда ёнимда турган уч қизим – Дариға, Динара, Алиянинг онаси Сорага умрим давомида шукроналик, ғамхўрлик билан муносабатда бўлганман. Бу оғир ҳаётда, тақдиримнинг ўша бурилиш палласида у мени тушуниб, кечиргани билан ҳам таскин топдим”, дейди у.
Назарбоев тўнғич ўғли Тауман туғилганда турмуш ўртоғига Сорага келиб, бор гапни айтган ва кечирим сўраган. Рафиқаси эса “Бола фаришта. Бола бахтли бўлсин”, деб жавоб қилган. Шундан сўнг қизлари ҳам уни тўғри тушунган.
У, ўғиллари қаторида қизларини ҳам яхши кўришини, улардан туғилган фарзандлар – набираларини ҳамма бобо каби ардоқлашини билдираркан, ҳар қайси оиланинг, отанинг фамилияси давомчиси ўғиллар бўлишини қистириб ўтган.
“Насабинг узилмаса, умидинг узилмайди. Ҳозир икки ўғлим катта бўлди. Улар бизни хурсанд қиляпти, яхши йигитлар бўлиб улғайишди. Фарзандларни меҳр ва ғамхўрлик билан тарбиялаш инсон умрини узайтиради.
Бўлди, дўстлар. Мен сизнинг олдингизга бутун ҳақиқатни айтдим. Бунга нима дейиш сизга боғлиқ. Бу ҳаёт!
Инкор этиб бўлмайдиган бир ҳақиқат бор. Ҳақиқат шундаки, сиз юрагингизга буйруқ бера олмайсиз”, деб ёзган Назарбоев.
Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Назарбоевнинг Сора Назарбоева билан турмушидан Дариға (1963), Динара (1967), Алия (1980) исмли қизлари бор.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь