Расман: Хусусий таълим ташкилотиларида ҳам ўқиш онлайнга ўтказилди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Республикаси махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 24 январидан бошлаб Ўзбекистондаги барча умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва олий таълим муассасаларида таълим жараёни бир ой масофавий шаклда давом эттирилади. Мазкур қоида нодавлат таълим ташкилотларига ҳам тегишли. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев маълум қилди. 

“Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш чораларини давом эттириш ва мутацияга учраган инфекциянинг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида шиддатли тарқалишини олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг хулосаларидан келиб чиқиб, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида 2022 йил 24 январдан бошлаб бир ой муддат давомида таълим “онлайн” шаклда олиб бориш белгиланди.

Ушбу талабларга мулкчилик шаклидан қатъи назар барча давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари қатъий амалга қилиши талаб қилинади”, дейди Тошкенбоев.

Унинг таъкидлашича, халқаро ташкилотлар томонидан ҳар бир давлатдаги инсон капиталини баҳолашда таълим сифати билан биргаликда ёш авлод саломатлиги ҳам алоҳида эътиборга олинади. 

“Зеро соғлом ёшлар келгусида юқори малака кадрлар сифатида мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади”, дейди у.

Унинг таъкидлашича, сўнгги икки йил давомида кузатилган ҳолатлардан хулоса қилинса, таълим тизими ҳар қандай чақириқларга тайёр бўлиши керак.

“Кундан кунга дунёда касалликнинг янгича кўринишлари пайдо бўлиб, тез тарқалаётгани ва келгусида яна қандай ҳолатлар кузатилиши номаълумлиги масофавий (онлайн) таълимни ҳам сифатли йўлга қўйиш давр талаби эканлигини кўрсатмоқда.

Юртимизда ҳам сўнгги икки йил давомида онлайн таълимни йўлга қўйиш бўйича катта тажриба тўпланган бўлиб, эндиликдаги вазифа ушбу жараённи янада сифатли йўлга қўйиш ҳисобланади”, дейди Тошкенбоев. 

Қайд этилишича, масофавий (онлайн) таълим жараёнларининг сифатли ташкил қилиниши Таълим инспекцияси томонидан мониторинг қилиб борилади.

Хусусан, олий таълим ташкилотлари замонавий ахборот коммуникация технологиялари асосида ташкил этилган таълим фаолиятини, жумладан таълим олувчиларнинг эришган натижалари, улар томонидан фан дастурларининг ўзлаштириш ҳолати ва ўқув жараёни билан боғлиқ бошқа маълумотларни таълим ташкилотларининг электрон платформасидан фойдаланган ҳолда мониторинг қилиб борилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилган.

Давлат ва нодавлат мактабларда эса масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун Миллий телерадиокомпаниянинг “Онлайн мактаб” телеканаллари ҳамда масофавий таълимни самарали ташкил этиш учун ишга туширилган платформалардан унумли фойдаланиш талаб этилади ва бу жараёнлар тизимли мониторинг қилинади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

онлайн таълим

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг