Расман: Исроил Украинага қурол етказиб бермаслигини эълон қилди
Олам
−
19 Октябрь 2022
6787Исроил НАТО давлатлари билан биргаликда Украинани қўллаб-қувватлайди, аммо ҳалигача Киевни қурол билан таъминлаш ниятида эмас. Бу ҳақда бугун, 19 октябрда яҳудий давлати Мудофаа вазири Бени Ганц Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчилари билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Исроил бир қатор операцион сабабларга кўра Украинага қурол тизимларини етказиб бермайди. Ўтмишда бўлгани каби Украинани чекловлар доирасида қўллаб-қувватлашни давом эттиради.
“Исроил ушбу сиёсат доирасида Украинага замонавий ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқишда ёрдам беришга тайёр. Биз украиналикларга ҳаводан огоҳлантириш тизимлари соҳасидаги эҳтиёжлари ҳақида маълумот алмашиш учун сўров юбордик. Бу маълумотни олганимиздан сўнг, биз фуқаролар ҳаётини сақлаб қолувчи огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқишда ёрдам бера оламиз”, дея қўшимча қилди у.
Кеча, 18 октябрда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба, унинг мамлакати Исроил ҳукуматига Киевни ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш тизимларини зудлик билан етказиб бериши учун расмий нота юборишини айтган эди. Ҳозирча яҳудий давлати Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатмаган ва бу давлатга гуманитар юк жўнатиш, шунингдек, жанговар ҳаракатлар оқибатида жабрланган украиналикларга тиббий ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, Исроилнинг Диаспора ишлари вазири Нахман Шай Эрон Россияга баллистик ракеталарни бераётганидан сўнг, Исроил бу қонли можарода қандай позицияни эгаллаши кераклигига энди ҳеч қандай шубҳа йўқлиги, Украина АҚШ ва НАТО давлатлари томонидан кўрсатилаётганидек, Исроилдан ҳам ҳарбий ёрдам олиши вақти келганини айтган.
Аввалроқ, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Исроил Украинага қурол етказиб бериш борасида хато қилаётгани, бу қадам Россия билан давлатлараро муносабатларни бузишини айтган эди.
LiveБарчаси