Расман: Эрдўған Туркия кучайтирилган карантинга қайтаётганини эълон қилди
Олам
−
18 Сентябрь 2020
9281Туркия коронавирус билан боғлиқ карантин чекловларини кучайтиради. Сўнгги вақтларда мамлакатда карантиннинг юмшатилиши ва одамларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилмаслиги ортидан беморлар, ўлим сони кескин ортган. Шу боис Ҳукумат яна кескин чораларни қўллашга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда бугун, 18 сентябрь куни мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида маълум қилди.
“Пандемия бошлангандан буён мунтазам тавсия, огоҳлантириш бериб бордик. Минг афсуски, огоҳлантиришларимизни халқимиз жиддий қабул қилмади. Қоидаларга риоя қилинган жойларда ва амал қилинган вақтларда беморлар сони озайганини кўрдик. Карантинни бироз юмшатганимиздек кейин эса, бу сафар, айниқса, Истанбул ва Анқара шаҳарларида янги ҳолатлар кўпайганига гувоҳ бўлдик.
64-65 ёшгача бўлган ўлимлар биз учун жуда аҳамиятга эга. Энди карантинни яна кучайтиришга мажбурмиз. Илмий кенгаш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги чораларни кучайтириши керак”, дейди Эрдўған.
Мамлакат раҳбари сўзида давом этаркан, Ҳукумат жамоат транспортларида ҳаракатланиш, тўйлар, никоҳ маросимларини ўтказиш, ижтимоий масофа бўйича қатъий ёндашуви мавжудлиги, бироқ, бунга одамлар риоя қилмаганини урғулайди. Эрдўғанга кўра, Ички ишлар вазирлигининг галдаги кўрадиган чоралаи янада кучли бўлиши мумкин. Бу ҳақида гапираркан, “Биз бундан завқ олаётганимиз йўқ”, дейди Президент.
Айни вақтда Анқара ва Истанбулнинг айрим туманларида кучайтирилган карантин жорий этилиши бошланган. Ва бу жараён тўхтамайди. Айниқса, энг йирик шаҳарларда тез орада кучайтирилган карантин чекловлари жорий қилинади.
Маълумот ўрнида, айни вақтда Туркияда коронавирусга чалинганлар сони 298 039 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 263 745 нафари ёки 88,4 фоизи соғайган, 7 315 нафари вафот этган. Кеча, 17 сентябрь куни мамлакатда 1 648 та янги ҳолат аниқланган, 66 киши вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 11 март куни қайд этилган эди. Ўша куниёқ мамлакатда карантин чоралари эълон қилинди. Май ойларига келиб Туркия карантинни бироз юмшатгандек бўлди. Пандемиядан 74 кун ўтиб 29 май кун масжидлар жума намози ўқиш учун очилди. Афгуст ўрталарига келиб, яна карантин чоралари кучайтирилиш бошланди.
LiveБарчаси