Рамзан Қодировнинг яна бир қизи тақдирланди
Олам
−
21 Июнь 2023
7753Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 20 ёшли қизи Хутмат бобоси Ахмат Қодиров шарафига таъсис этилган республиканинг олий мукофоти – Қодиров ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Чеченистоннинг Миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот бўйича вазири Аҳмад Дудаев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Хутмат Қодирова ўзига ишониб топширилган ҳар қандай соҳада “ажойиб натижа” кўрсатмоқда.
“Шундай ёшлигида у вилоят тиббиёти ривожига улкан ҳисса қўшди. Бунинг ҳаммаси унинг ўз халқи ва мамлакатининг ватанпарвари бўлгани сабабдир!”, деган вазир.
Таъкидлаш жоизки, Хутмат Қодирова 2023 йил мартида Чеченистон соғлиқни сақлаш куратори этиб тайинланган эди. Шунингдек, у республика раҳбари котибияти бошлиғининг ўринбосари лавозимини ҳам эгаллайди.
2021 йил октябрь ойида Қодировнинг яна бир қизи Айшат Чеченистон маданият вазири бўлган. Ўша пайтда у 22 ёшда эди. 2023 йил апрелида Қодировнинг жияни 26 ёшли Ҳамзат Қодиров унинг кучлар блоки бўйича маслаҳатчиси ёрдамчиси бўлди. Бундан бироз олдин у Мулк ва ер муносабатлари вазири, Республика Бош вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
Айрим нашрларнинг маълумотларига кўра, Чеченистондаги 158 нафар юқори мартабали амалдорнинг 30 фоизи Рамзан Қодировнинг қариндошлари, 23 фоизи қишлоқдошлари, яна 12 фоизи Чеченистон раҳбарининг дўстлари ва уларнинг қариндошларидир.
“Исталган муассаса ва ҳар қандай лавозимдаги қариндошларимга қўйилган талаб ўн баравар кўп, чунки улар мен туфайли эмас, балки ўзларининг иқтидори ортидан ишлаётганини исботлаши керак. Мен кимга ишонсам, ўшани тайинлайман”, деган Рамзан Қодиров қариндошларининг Чеченистон ҳукуматига тайинланишига изоҳ берар экан.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Рамзан Қодировнинг иккинчи қизи, Грозний мэриясининг мактабгача таълим бўлими бошлиғи Хадижат Қодирова ҳам Аҳмад Қодиров номидаги орден билан тақдирланганди. Декабрь ойида эса Қодировнинг тўнғич қизи, Чеченистон Маданият вазири Айшат Қодирова “Чеченистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони, “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун” медали билан тақдирланди.
LiveБарчаси