Рамзан Қодиров “Вагнер” Бахмутдан кетса, чечен ҳарбийлари шаҳарни эгаллашга тайёрлигини айтди
Олам
−
06 Май 2023
15916Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров “Вагнер” хусусий ҳарбий компания раҳбари Евгений Пригожиннинг Бахмутдан ўз бўлинмаларини олиб чиқиб кетиш ҳақидаги сўзларидан сўнг Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуга мурожаат қилиб, Чеченистон махсус кучлари шаҳарни эгаллашига ваъда берди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида эълон қилди.
Қодировнинг айтишича, агар “Вагнер” ҳақиқатдан ҳам ҳудудни тарк этса, уларнинг ўрнига Чеченистон махсус кучларининг “Аҳмад” ҳарбийлари келади. Чеченистон раҳбари унинг аскарлари аллақачон олдинга силжиш ва шаҳарни эгаллашга тайёр экани, бунинг учун уларга бир неча соат керак бўлишини таъкидлаган.
“Аммо мен шаҳарнинг қолган икки километрини аскарларнинг ҳаёти эвазига эмас, балки ўзаро тушуниш, қўллаб-қувватлаш, қўмондонлик ва жангчиларнинг Олий Бош қўмондоннинг буйруғини бажаришдаги қатъияти натижасида олишимизни истардим”, деб ёзган Қодиров.
Шу билан бирга, Рамзан Қодиров чечен бўлинмаларида ҳам ўқ-дорилар билан боғлиқ муаммолар борлигини тан олган. Мисол учун, у Мудофаа вазирлиги Мариупол йўналишида фақат битта танк чиқарганини, бироқ ўшанда “операция”ни муваффақиятли якунлаш учун бештаси керак бўлганини айтган.
Бундан ташқари, у “Аҳмад” махсус кучлари қўмондони ва ЛПР халқ милициясининг 2-армия корпуси қўмондони ўринбосари Апти Алаудинов ҳам тез-тез ўқ-дорилар билан боғлиқ муаммоларга дуч келишини, аммо у ҳеч қачон бу ҳақда Интернет орқали ошкора эълон қилмагани, аксинча фақат ички алоқалар орқали муаммони ҳал қилганини таъкидлаган.
"Умид қиламанки, Сергей Кужугетович менинг чақирувимни тинглайди ва Бош штабга бу ерга бориб, ишларни тартибга солиш ҳақида буйруқ берилади. Бу вазиятдан чиқишнинг ягона ва аскарча тўғри йўли”, дея хулоса қилган Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Пригожин “Вагнер” гуруҳи ўзига зарур бўлган снарядларнинг атига 30 фоизини айтиб, унинг қўшинлари Бахмутни тарк этишини айтган эди.
LiveБарчаси