Рамзан Қодиров Украинадаги уруш бошланганидан бери 36-марта мукофот олди

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украинадаги уруш бошланганидан бери 36-марта мукофот олди. У Россияда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун I даражали медаль билан тақдирланди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

Мукофотни Россия Давлат думасининг аграр масалалар бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Россия фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ассоциацияси президенти Владимир Плотников Грознийда ўтказилган тантанали маросимда топширган. Қодиров унинг қўлидан ушбу Ассоциациянинг энг юксак мукофотини олишдан “мамнун бўлганини” айтган. Плотников эса Чеченистоннинг сўнгги йилларда аграр соҳаси сезиларли ўсишга эришганини, у ерда инновацион технологиялар ва замонавий техника қўлланилаётганини таъкидлаган. Қайд этиш жоиз, Қодиров 2021 йилда “Фахрий фермер” унвонини ҳам олган.

Бу Украинага Россия босқини бошланганидан бери Чеченистон раҳбарининг камида 36-мукофоти бўлди. Август ойи бошида уларнинг сони 31 тага тенг бўлган. Шундан бери Қодиров мактаб ўқувчиларининг рақамли саводхонлигини оширишга қўшган ҳиссаси учун мукофот, Веденский тумани медали, Шимолий Кавказ мусулмонлари координация марказидан “Суннани ҳимоя қилгани учун” ордени ва Чеченистон Қаҳрамони унвонини иккинчи марта олган. Иккинчи “Олтин юлдуз” унга 5 октябрь – туғилган кунида топширилган.

Уруш бошланганидан бери Қодировнинг коллекциясига 13 та турли ташкилот мукофоти (жумладан, 2022 йил май ойида Курчатов институти ордени ва 2024 йил июнида Россия бош архитекторлари кенгашидан “Кентавр” белгиси), 10 та идоравий мукофот (жумладан, “Қишлоқ хўжалиги мажмуасининг фахрий ходими” ва “Тез ёрдам аълочиси” унвонлари, 2024 йил октябрда икки кун фарқ билан олинган), икки давлат ордени – Александр Невский ордени ва “Ватанга хизматлари учун” II даражали орден, учта минтақавий мукофот (жумладан, Чеченистон Қаҳрамони унвони, биринчи марта 2022 йилда берилган), шунингдек, Украинадаги босиб олинган ҳудудлар маъмуриятларидан учта мукофот – “ЛХР дўстлик ордени”, “ЛХР қаҳрамони” медали ва “Мариуполни озод қилгани учун” медали қўшилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рамзан Қодировга “Чеченистон Республикаси Қаҳрамонининг олтин юлдузи” унвонини олгани ҳақида хабар берилган эди. Медаль республика бош вазири Магомед Даудов томонидан топширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамзан Қодиров мукофот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг