Рамзан Қодиров душманларининг онасини қамади
Олам
−
04 Июль 2023
29075Бугун, 4 июль куни Грознийнинг Ахматов райони судида чеченистонлик собиқ судьянинг рафиқаси ва ҳуқуқ фаолларининг онаси Зарема Мусаева фирибгарлик айблови бўйича суд қилинди. Суд уни беш ярим йилга умумий тартибли колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Айтилишича, Зарема Мусаева 2022 йилнинг 20 январида қўлга олинган. Чеченистон ИИВ ходимлари унинг Нижний Новгороддаги квартирасига бостириб кирган ва куч билан Грознийга олиб кетган. Мусаевага кийинишига ҳам, доимо қабул қилиб туриши керак бўлган инсулинни (аёл диабетга чалинган) олишга ҳам имкон берилмаган. Шундан сўнг Зарема Мусаева кейинги бир ярим йилни тергов изоляторида ўтказган.
Гап шундаки, Мусаеванинг турмуш ўртоғи — чеченистонлик собиқ федерал судья Сайди Янгулбаев ва уларнинг фарзандлари Абубакр ва Иброҳим — ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар бўлган. Зарема Мусаева 2017 йилдаёқ эри билан Чеченистондан кетишга мажбур бўлган. Чеченистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Қодировнинг танқидчиларини тутиш учун ўз назоратидан ташқарида бўлган ҳудудга бориши ўша вақт учун ноёб ва шокка туширадиган прецедент бўлган.
Таъкидланишича, Чеченистон ҳукумати Янгулбаевларни 1ADAT ҳаракати (мухолифатчи руҳдаги Telegram-канал номи билан аталган) билан алоқадор деб ҳисоблайди, бу ҳаракат аъзолари Қодировни очиқчасига танқид қилади ва ўзларини “Чеченистонни деоккупация қилиш тарафдорлари” сифатида намойиш этади. Ҳаракат Россияда тақиқланган, уларнинг сайти блокланган. Мусаеванинг ўғли Абубакр “Қийноқларга қарши жамоа”нинг Кавказ бўлими ҳуқуқшуноси бўлиб ишлайди. У ҳам, отаси ҳам 1ADAT билан алоқаларга эга эмаслигини таъкидлаган. Фақатгина Иброҳим Янгулбаев ўзининг бу ҳаракатдаги иштирокини тасдиқлаган.
Келтирилишича, Чеченистон учун Рамзан Қодировнинг танқидчиларига уларнинг қариндошлари орқали босим ўтказиш одатий ҳолга айланган. Қодиров эса бу оиладан қаттиқ жаҳли чиққан.
Зарема Мусаева ҳибсга олинишидан олдин Чеченистонда Янгулбаевларнинг 15 қариндоши йўқолиб қолган. Мусаевани Грознийга олиб боришгач, унинг иши шов-шувга айланиб кетганидан кейин Қодиров Янгулбаевларга очиқ таҳдид қила бошлаган.
“Бу оилани ё қамоқ, ёки ер остидаги жой кутмоқда. Ва бу энди менга боғлиқ эмас. Мен жамоатчилик кайфиятидан бохабарман. Ҳеч бўлмаганда биргина чечен тирик экан, бу оила аъзолари ҳаётдан бемалол баҳра ололмайди, чунки халқимизнинг ҳар бир вакилининг шаънига катта зарар етказилмоқда”, деган Рамзан Қодиров.
Қодировнинг маслаҳатчиси ва Давлат думаси депутати Адам Делимхонов эса шунчаки оилани қатл этиш билан таҳдид қилган. Шундан кейин Сайди Янгулбаев ва ўғиллари Россияни тарк этган.
Грознийда эса мухолифатчилар оиласига қарши митинг уюштирилган. Расмийлар буни “стихияли” (одамлар ўзи уюштирган) деб кўрсатишади, аммо ўз-ўзидан бошланадиган кўп минг кишилик митинглар Чеченистонга хос эмас. “Кавказский узел”нинг ёзишича, амалда уни республика расмийлари Москвага халқ Қодировнинг чиқишларини ёқлаётганини кўрсатиш учун уюштирган.
Абубакр Янгулбаев Чеченистондаги қариндошлари йўқолиб қолгани ҳақида хабар берганидан бир ярим ой ўтиб, уларни қўйиб юборишганини айтган. Ҳуқуқ фаоли уларни ортиқ хавф остида қолдирмаслик учун шундан кейин улар билан алоқага чиқмаган, чунки уларни Янгулбаевлар оиласидан воз кечишлари эвазига қўйиб юборишганига амин бўлган.
Зарема Мусаевага келсак, аввалига уни полициячини ҳақорат қилиш айби билан 15 кунга ҳибсга олиш бўйича маъмурий жазо қўлланган. Кейинчалик Мусаевага қарши жиноий иш қўзғатилган. Гўёки 52 ёшли аёл протокол тузаётган участка нозирига ҳужум қилиб, Қодировнинг айтишича, “кўзидан маҳрум қилишига бир бахя қолган”. Кейинроқ Мусаеванинг ишига фирибгарлик бўйича айблов ҳам қўшилган.
“Улар даъво қилаётган бу [полициячига] ҳужум, уларнинг риторикасига кўра, қўлга олиш чоғида ёки йўлда содир бўлган. Аммо бу энди бу бошқа ҳудудий юрисдикция ва бошқа ҳудудий тергов иши. Чеченистонда уни ҳеч ким жавобгарликка тортиши мумкин эмас”, деганди маҳкуманинг ўғли Абубакр Янгулбаев.
Манбага кўра, Мусаеванинг соғлигида жиддий муаммолар бор.
Яқинлари унинг умуртқа чурраси ва иккинчи даражали диабети борлигини айтмоқда. У соғлиги туфайли уй қамоғига ўтказилишини сўраган, аммо суд бу илтимосни рад этган.
2022 йилдаги суд чоғида Мусаеванинг аҳволи ёмонлашган ва у полга йиқилган. Ўғли Абубакр Янгулбаевнинг сўзларига кўра, белидаги оғриқ кучаяётгани туфайли Мусаева юра олмай қолган.
“Одамни қамоқхонада шунчаки ўлдиришмоқда. Ва бу ҳеч қандай айби бўлмаган ҳолда”, деб ёзган Янгулбаев.
Адвокатлар томонидан Мусаевани шифохонага жойлаштириш зарурлигини исботлаш учун унга тиббий экспертиза тайинлаш сўралган. Аммо суд бу сўровга ҳам рад жавобини берган. Ўтган ойда Мусаева тергов изоляторидан шифохонага олиб ўтилган, аммо кўп ўтмай қамоққа қайтарилган.
Мусаеванинг адвокатлари эса Чеченистонда ўзларини кузатишаётганини пайқаган.
2023 йил январида Абубакр Янгулбаев Рамзан Қодировга онаси ўрнига қамоқда ўзи ўтириб беришни таклиф қилган.
“Мен ниманидир қурбон қилиш кераклигини тушунаман. Ўз онамни қурбон қилмоқчи эмасман. Мен у учун ўз ҳаётимни қурбон қилишга тайёрман. Энди мен қатъий чораларгача бораман. Агар мени ёки укаларимни терроризмда айблаб, ўғирлашганида, амалда бунга деярли ҳеч ким эътибор қаратмаган бўларди — Россия медиаси ва ҳуқуқ тизими учун Чеченистондаги навбатдаги одам ўғирлиги одатий иш бўлиб кўринади. Онам билан бўлган иш эса, ахлоқдан ташқари иш”, деган Янгулбаев “Холод”га берган интервьюсида.
Таъкидланишича, Абубакр Янгулбаев Чеченистон ҳукумати онасини қўйиб юбориш орқали жамоатчилик онгида обрўсига тушган доғни тозалаши мумкинлигига умид қилган. Шунинг учун улар ўзининг таклифига рози бўлиши мумкин деб ҳисоблаган. Лекин Чеченистон ҳукумати бундай алмашувга рози бўлмаган.
“Мен ҳеч қандай жиноят қилмадим. Одамлар мен қанчалик кўнгилчанлигимни билади. Аллоҳ кўриб турибди, менинг виждоним пок”, деган Зарема Мусаева судда ўзига сўнгги сўз берилганида кўзида ёш билан.
LiveБарчаси