Раҳмонбек Усмонов чиқарган қарор ортидан суриштирув бошланди. Иш терговгача борадими?

Жамият

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани олой бозори яқинида қад ростлаган янги уйларнинг ёнидаги бир неча йиллик эман дарахтлари кесиб ташланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Одатда дарахтлар ва уйлар қирғини билан боғлиқ ҳолатлар Тошкент шаҳар ҳокимияти ва шахсан ҳокими Ортиқхўжаев билан боғланишига ўрганиб қолганмиз. Бу сафарги вазият бошқачароқ тус олди. Ҳокимликнинг ўзи дарахтлар кесилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан суриштирув бошлади. Навбатдаги ҳолат Тошкентнинг собиқ ҳокими, айни дамда Юнусобод тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган ва бир неча бор дарахтлар қирғинига бош-қош бўлган Раҳмонбек Усмонов! 

Маълум қилинишича, дарахтлар кесиб ташланаётгани билан боғлиқ хабар Тошкент шаҳар ҳокимиятига кеча, 20 февраль куни келиб тушган. Мурожаатдан сўнг, ҳокимликда зудлик билан ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган. Тезкор тадбир натижасида шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни ва буталарни кесиш юзасидан чиқарган 75-сонли хулосасига мувофиқ, кўрсатма тақдим этилгани маълум бўлган.  

Ушбу кўрсатмага асосан Юнусобод тумани ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг 2019 йил 18 февралдаги дарахт кесишга рухсат бериш тўғрисидаги 445-сонли қарори тасдиқланган. Унга кўра, Юнусобод тумани Абдулла Қодирий ва Олой бозори берк кўчаси оралиғида жойлашган соғлом 6 туп эман дарахтларини буталашга, 1  туп эман дарахтини тўлов эвазига кесилишига рухсат берилган.   

Тошкент шаҳар ҳокимияти Матбуот хизмати томонидан тайёрланган видеода дарахтни кесишда иштирок этган икки киши суҳбатга тортилди. 

Юнусобод тумани Ободонлаштириш бошқармаси ҳайдовчиси Суннатилла Мадиёров ўзига берилган топшириқ асосида дарахтларни эмас, балки унинг шоҳларини кесганини, юк машинасидаги дарахлар бўлаклари эса қаердан келиб қолганини билмаслигини, суратга олганда, ҳар қандай кичик шоҳ-шабба катта бўлакдек кўринишини тушунтиришга ҳаракат қилади. 

Ёлланган ҳайдовчи Рустам Ёқубов эса юкларни ортгани дарахтлар кесилган ҳудудга борганини, дарахтларни кесганлар ҳайдовчини шу ерга чақирганини айтади. Ҳайдовчи автомобилига ортилган дарахт бўлакларини Қўйлиққа олиб борган ва бошқа юк автомашинасига ортиб олиб кетишган. У қўлида барча ҳужжатлар борлигини иддао қилади. Ҳайдовчига бу хизмати учун 200 минг сўм пул берилган .

Тошкент шаҳар ҳокимиятидан маълум қилишлари, мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари суриштирув ишларини бошлаган. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Дарахтлар қирғини Раҳмонбек Усмонов

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг