Ракета зарбалари Путин урушининг ўта шафқатсизлигини кўрсатди – Байден
Олам
−
11 Октябрь 2022
9502АҚШ Президенти Жо Байден Россиянинг Украинага қаратилган йирик ракета зарбаларини қоралаб, бу Президент Владимир Путин Украина халқига қарши бошлаган урушнинг ўта шафқатсизлигини намойиш қилганини айтди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
“Қўшма Штатлар Россиянинг Украина ҳудудига, жумладан Киевга берган ракета зарбаларини кескин қоралайди. Ушбу зарбалар натижасида тинч аҳоли ҳалок бўлди ва яраланди, шунингдек, ҳеч қандай ҳарбий мақсадга эга бўлмаган объектлар вайрон қилинди. Бу зарбалар яна бир бор Путиннинг Украина халқига қарши қонунсиз урушининг ўта шафқатсизлигини кўрсатди.
Биз бугун ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз, шунингдек, жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз”, дейди Байден.
Президентнинг таъкидлашича, “бу зарбалар Украина халқини қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга бўлган қатъиятни янада кучайтиради.
Байден, шунингдек, АҚШ ва иттифоқчилар “Путин ва Россияни барча ваҳшийлик ва ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликка тортиш, Украина кучларига ўз мамлакатлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун барча зарур ёрдамни кўрсатиш” йўлида ҳамма нарсани қилишга ваъда берди.
“Биз яна Россияни бу асоссиз тажовузни зудлик билан тўхтатишга ва Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирамиз”, дейди Байден.
Аввалроқ Байден Украина шаҳарларига уюштирилган ракета ҳужумларидан кейин мамлакат Қуролли Кучларига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини етказиб беришга ваъда берганди.
Эслатиб ўтамиз, Россия бугун, 10 октябрь куни Киев маркази, Киев вилояти, Днепр, Ивано-Франковск, Харьков, Хмелницкий, Кировоград, Львов, Николаев, Суми, Тернопол, Винница, Запорожье ва Житомир вилоятларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди.
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида 10 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган.
Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирська кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди.
Россия Президенти Владимир Путин 10 октябрь куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан бўлиб ўтган тезкор йиғилишда Украинадаги ҳарбий қўмондонлик, энергетика ва алоқа объектларига оммавий зарба берилганини эълон қилди.
LiveБарчаси