Раисий ёлғиз эмас. Авиаҳалокатда ўлган “катталар” орасида кимлар бор?
Таҳлил
−
20 Май
208611. Швеция бош вазири Арвид Линдман (1936)
Швеция контр-адмирали, мамлакатнинг икки карра бош вазири (1906-1911; 1928-1930) бўлган Саломон Арвид 1936 йилнинг 9 декабрида фожиали тарзда вафот этди. У ўтирган Douglas DC-2 самолёти Буюк Британиянинг Кройдон аэропорти яқинида ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қалин туман сабаб уйлар устига қулаб тушган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида контр-адмирал 68 ёшида вафот этган.
2. Парагвай президенти Хосе Феликс Эстигаррибия (1940)
Парагвайлик ҳарбий офицер ва сиёсатчи, Парагвайнинг 34-президенти Хосе Феликс Эстигаррибия 1940 йил 7 сентябрда рафиқаси билан бирга самолёт ҳалокатида қурбон бўлган. Маълумотларга кўра, президент Y кўлидаги уйида дам олиш учун кетаётган бўлган. Белгиланган манзилга яқин жойда учувчи қалин туман сабаб йўналишни йўқотган ва самолёт ҳалокатга учраган. Авиаҳалокат Парагвай пойтахтидан 65 миль шарқда жойлашган Алтос ва Сан-Бернардино оралиғида содир бўлган.
3. Филиппин президенти Рамон Магсайсай (1957)
Филиппин давлат арбоби, ҳарбий губернатор, Филиппиннинг 7-президенти Рамон Магсайсай 1957 йил 17 мартда C-47 ҳалокатида вафот этди. Ҳалокат содир бўлган куни Висая университетида фахрий ҳуқуқ фанлари доктори унвонини олган президент Магсайсай тунда, тахминан соат 1:00 да, Манилага қайтаётган самолётга ўтирди. 17 март куни эрта тонгда самолёт йўқолгани ҳақида хабар берилди. Кечга бориб, самолёт Себудаги Манунггал тоғида қулагани ва президент ҳалок бўлгани хабар қилинди. 25 йўловчидан фақат бир киши тирик қолган.
4. Бразилия президенти Нереу Рамос (1958)
Бразилиялик сиёсий арбоб, вақтинчалик президентлик қилган Нереу Рамос 1958 йил 16 июнда вафот этган. У парвоз этаётган лайнер Куритибанинг Парана штатидаги Афонсо Пена халқаро аэропорти яқинида қулаган.
5. Марказий Африка Республикаси президенти Бартелеми Боганда (1959)
Марказий Африка Республикаси мустақиллик ҳаракатининг йирик вакили, мамлакат собиқ бош вазири, президент Бартелеми Боганда 1959 йил 29 мартда самолёт ҳалокатга учраши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
6. БМТ бош котиби Даг Хаммаршелд (1961)
Швеция давлат арбоби, БМТ бош котиби Хаммаршелд 1961 йил 18 сентябрга ўтар кечаси Ндоло (Замбия) устида ҳалокатга учраган. Хаммаршелд Конгонинг Катанга вилоятига айирмачилар етакчиси Моиз Чомбе билан музокаралар олиб бориш учун йўл олаётган бўлган. Бош котиб учган Douglas DC-6 самолёти бўлаклари аэропортдан 15 км узоқликда топилган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 16 киши ҳаётдан кўз юмган. Сўнгги маълумотларга кўра, БМТ бош котиби ўтирган самолёт бельгиялик учувчи Ян Ван Риссегем томонидан уриб туширилган.
7. Ироқ Президенти Абдул Салам Ориф (1966)
1966 йил 13 апрелда Ироқ Ҳарбий-ҳаво кучларининг de Havilland DH.104 Dove 1 йўловчи самолёти (РФ392) Ироқ жанубидаги Басра аэропортидан 10 км узоқликда қулаб тушди. Ўша бортда мамлакат президенти Абдул Салам Ориф ҳам бўлган ва вафот этган. Баъзи версияларга кўра, фалокатга Баас партиясига хайрихоҳ бўлган ҳарбий хизматчилар томонидан қилинган саботаж сабаб бўлган.
8. Бразилия президенти Ҳумберто де Аленкар Кастело Бранко (1967)
Бразилиянинг 26-президенти ва собиқ ҳарбий диктатуранинг асосий арбоби Умберто де Аленкар 1967 йил 18 июлда вафот этган. Фожиа Кастело Бранконинг президентлик муддати тугаганидан кўп ўтмай, Piper PA-23 Aztec самолёти Бразилия ҳаво кучларининг Lockheed T-33 самолёти билан ҳавода тўқнашиб кетиши оқибатида содир бўлган.
9. Боливия президенти Рене Барриэнтос (1969)
1969 йил 27 апрелда Боливия президенти Рене Барриэндос Ортунё Арке аҳоли пункти (Боливиянинг марказий қисмидаги Кочабамба департаменти) яқинида вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, вертолёт электр сими билан тўқнашиб кетган.
10. Югославия бош вазири Жемал Биэдич (1977)
1977 йил 18 январда Югославия Бош вазири Жемал Биэдичнинг Learjet 25 самолёти Босния ва Герцеговинанинг Кресево шаҳри яқинидаги Инак тоғига қулаб тушди. Бахтсиз ҳодисада Биджедич, унинг рафиқаси ва яна олти киши ҳалок бўлган.
11. Мавритания бош вазири Аҳмад Улд Боуссеиф (1979)
1979 йил 27 май куни Африка саммитида иштирок этмоқчи бўлган Мавритания бош вазири Аҳмад Улд Боуссеиф бўлган самолёт Дакар қирғоқлари яқинида қулаб тушди. Бусейф бахтсиз ҳодисада вафот этди.
12. Португалия бош вазири Франсиско Са Карнейру (1980)
1980 йил 4 декабрда Португалия бош вазири Франсиско Са Карнейро ва мудофаа вазири Аделино Амаро да Костанинг самолёти ҳавога кўтарилишидан сўнг пойтахт Лиссабонда қулаши оқибатида ҳалок бўлди.
13. Эквадор президенти Хайме Ролдос Агилера (1081)
1981 йил 24 майда Эквадор президенти Хайме Ролдос Агилера ва мудофаа вазири генерал-майор Марко Субиа Мартинес Перу чегараси яқинида самолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган.
14. Панама президенти Омар Торрихос (1981)
1981 йил 31 июлда Панама президенти Омар Торрихос ўзи бошқараётган кичик самолёт ўрмонга қулаши оқибатида вафот этган.
15. Мозамбик президенти Самора Мачел (1986)
1986 йил 10 октабрда Мозамбик президенти Самора Мачел ва бир қанча мозамбиклик вазирларни олиб кетаётган икки двигателли самолёт Мозамбик-Жанубий Африка чегараси яқинида ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида 33 киши, жумладан, Макҳел, баъзи вазирлар ва Мозамбик ҳукуматининг юқори лавозимли амалдорлари ҳалок бўлди. Ҳалокатдан кейин олиб борилган тергов давомида учувчи айбдор деб топилган.
16. Ливан бош вазири Рашид Карами (1987)
1987 йил 1 июнда Ливан Бош вазири Рачид Карами Байрутга кетаётган вертолётда бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Бош вазир ўриндиғининг орқасига ўрнатилган оғирлиги тахминан 300 грамм бўлган масофадан бошқарилувчи бомба парвоз бошланганидан кўп ўтмай портлаган.
17. Покистон президенти Зиё-ул-Ҳақ (1988)
1988 йилнинг 18 августида Покистон президенти Зиё-ул-Ҳақ, унинг беш нафар генерали ва АҚШ элчиси Арнолд Люис Рафел бўлган C-130 ҳарбий самолёти пойтахт Исломободдан 530 километр жанубда жойлашган Баҳавалпур яқинида ҳалокатга учради. Бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳеч ким омон қолмаган.
18. Бурунди президентлари Киприэн Нтарямира ва Руанда Жувенал Хабяримана (1994)
1994 йил 6 апрелда Руанда Президенти Жувенал Хабяримана ва Бурунди Президенти Киприэн Нтарямира бўлган самолёт Руанданинг Кигали шаҳрига қўнишга тайёрланаётганда “ер-ҳаво” ракеталари билан уриб туширилди. Бортдаги 12 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
19. Македония президенти Борис Трайковски (2004)
2004 йил 26 февралда Македониянинг иккинчи президенти Борис Трайковски ва унга ҳамроҳлик қилаётган делегация бўлган самолёт Босния ва Гертсеговинанинг Мостар шаҳри яқинида қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида саккиз киши, жумладан Трайковски ва унинг маслаҳатчилари ҳалок бўлган. Самолёт ҳалокатига учувчининг хатоси сабаб бўлган.
20. Польша президенти Лех Качински (2010)
2010 йилнинг 10 апрелида Полша президенти Лех Качински ва унинг рафиқаси бўлган 96 киши бўлган Ту-154 самолёти Россиянинг Смоленск аэропортига қўнаётганда ҳалокатга учради. Президент ва унинг делегацияси Катин қурбонлари хотирасига мотам маросимида иштирок этиши керак эди. Самолёт қўнаётганда ўрмонга қулаб тушди. Фалокатга учувчиларнинг хатолари ва парвозни ташкил этишдаги камчиликлар сабаб бўлган.
21. Чили президенти Себастян Пинер (2024)
2024 йилнинг 5 февралида Чили собиқ президенти Себастян Пинера ва унинг ҳамроҳлари бўлган Robinson R-66 вертолёти Лос-Риос минтақасидаги Ранко кўлига қулади. Вертолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай кучли ёмғир ва қалин туман сабаб ҳалокатга учраган. Уч киши кўлга сакраб, қирғоққа етиб олишга муваффақ бўлган, бироқ президент Пинер хавфсизлик камарини бўшатолмагани учун ҳалок бўлган.
22. Эрон президенти Иброҳим Раисий (2024)
Сиёсатчи, Эроннинг 8-президенти Иброҳим Раисий 2024 йилнинг 19 май куни авиаҳалакот натижасида вафот этди. Вертолётда Раисий билан бирга Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эроннинг IRNA агентлиги хабар беришича, вертолётнинг қулашига техник носозлик сабаб бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь