Эксклюзив интервью: Раъно Шодиева саратон билан қандай курашаётганини айтиб берди
Интервью
−
01 Июль 2022
77470Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, I даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Раъно Шодиева жигар саратонига чалинган эди. Узоқ муддатдан буён Туркияда яшаб, даволанаётган актриса билан QALAMPIR.UZ мухбири боғланиб, унинг холидан хабар олди.
Улуғбек Худойберганов, мухбир: — Ҳозирги кунда соғлиғингиз қандай? Касаллик қанчалик ортга чекинди?
Р.Ш.: — Аллоҳ менга шундай бир синов берди. Ҳозир шу синовни чиройли енгиб ўтишга ҳаракат қилмоқдаман. Мен жуда оғир аҳволда эдим. Шифокорларнинг айтишича, икки-уч ойлик умрим қолган экан, касалликни вақтида пайқабман.
Ҳаммасини бошидан айтадиган бўлсам, бу худди кинодагидек бўлди. Мен касаллигимни билишимдан аввал Москвада эдим. Халқаро “Кар-соқовлар жамияти”нинг Конгрессига, Ўзбекистон номидан борган эдим. Қизил майдонни айландим, Instagram’да обуначиларим билан жонли мулоқот қилдим. Кремлда гала-концертларда қатнашиб, эртаси куни Ўзбекистонга учиб келишим керак эди.
Самолётга кираётганимда, даҳшатли оғриқ бошланди, кейин эса хушимни ёқотибман. Ўзим бу нарсани сезмай ҳам қолдим. Мен сабаб рейс 40 дақиқага кечиктирилибди. Ҳатто, тез ёрдам билан аэропортдан шифохонага юбормоқчи бўлишди. Лекин ўзимга келганимдан сўнг,“Нима бўлишидан қатъи назар Ўзбекистонга қайтаман”, деб тез ёрдам ходимларига тилхат ёзиб бериб, Тошкентга қайтдим. Келганимдан сўнг сездимки, менда нимадир бошқача, ҳеч қачон мени безовта қилмаган муаммолар пайдо бўлди. Эртаси куни турмуш ўртоғим билан клиникага бордик ва мен бу ташхисни эшитдим: онкология, жигар саратони.
Бир кунда ҳаётим умуман бошқа томонга ўзгарди. Жигаримнинг 50% ини метастаза босиб кетган экан. Аҳволим эса жуда-жуда ёмон экани маълум бўлди. Бир-икки кунда қаерда муолажа олишимни муҳокама қилдик. Ўзбекистондаги шифокорлар “Сизнинг касалигингизни Ўзбекистонда муолажа қилиш жуда қийин масала, сабаби технология ва дорилар бизда муаммо, чет элда муолажа қилсангиз яхши бўларди”, дейишди. Бизга Германия ва Туркия вариантини айтишди, мен эса Туркияни танладим.
Ҳозир касалликнинг оғир – Тўртинчи босқичдан, биринчи босқичга ўтдим. Муолажаларим ҳали давом этмоқда, касаллик билан курашябман. Мен ўзимни яхши ҳис қилябман, аммо ўзига яраша қийинчилиги бор. Чунки – бу онкология. Лекин шунга қарамасдан мен яшаябман ва яшашда давом этаман. Аллоҳдан узоқ умр беришини сўраябман, ибодатдаман. Албатта, бу нарсадан чиқиб кетаман ва ремиссия ҳолатига тушаман.
У.Х.: — Муолажалар яна қанча давом этади?
Р.Ш.: — Ҳозир жуда ҳам оғир амалиётни бошдан ўтказдим. 20 тадан ортиқ кимёвий муолажа олдим. Энг охирги ва замонавий услубдаги операцияни бошимдан ўтказдим. Жуда ҳам оғир ва шу билан бирга ноёб операция бўлди. Жигаримнинг 70% ини олиб ташлашди. Бу операция 11 соат давом этди. Аввало Худо, ҳамма нарса Худонинг қўлида, лекин шифокорлар менинг ҳаётим учун курашишди, қўлларидан келган ҳамма нарсани қилишди. Биласизми, мен операцияга киришимдан олдин шифокорлар “ҳаммаси Аллоҳдан, биз қўлимиздан келган ҳаммасини қиламиз”, дейишди. Шундай таваккал қилиб, операцияга кирганман. Операция аъло даражада ўтди.
Тўғри, операция жараёнида муаммолар бўлди, лекин мени шифокорлар оёққа турғазишди. Ҳатто, операциянинг олтинчи кунида мени шифохонадан чиқариб юборишди. Ҳозирги кунда, албатта, муолажам давом этмоқда. Кимёвий муолажа олябман. Бу ерда шифокорларнинг энг яхши гуруҳи бор.
У.Х.: — Ҳозирда Туркиядасиз, ёнингизда оила аъзоларингиздан кимлар бор?
Р.Ш.: — Албатта, ёнимда ҳар доим кимдир бўлган, фақат галма-галдан. Асосан қизим, ҳатто, куёвим, ўғлим ва келиним, яқин дугонам Гулноза, хўжайиним, акам, онам ҳаммалари келиб менга қарашди. Чунки октябрь ойидан бери мен Туркиядаман. Хўжайиним ҳам келиб-кетдилар, улар ишлаганлари учун ҳар доим ёнимда бўлолмайдилар. Кичик ўғлим ҳам мактабда ўқийди, шунинг учун турмуш ўртоғим у билан Тошкентда қолишга мажбур бўладилар. Худога шукрки, қудаларим тушунадиган тилла инсонлар. Қизим турмушга чиққан бўлишига қарамай, бу ерга келиб, мени парваришлашига рухсат беришди.
У.Х.: — Касаллик билан курашиш баробарида ижодни, ишни ва хайрия фаолиятини давом эттирмоқдасиз. Бу мушкул эмасми?
Р.Ш.: — Албатта, бу осон эмас, лекин "Меҳрли қўллар" жуда кучли жамоа. Ўринбосарим Дилфуза Каримова ҳар доим йўқлигимни билдирмайди. Яхшиямки, ҳозир интернет замони, онлайн ишлашга ҳам имкониятим бор, асосий ишимни онлайн тарзда олиб бораман. Жамоа билан боғланган ҳолда иш фаолиятим умуман тўхтамади. Жуда кўп режаларимиз, тадбирларимиз, лойиҳаларимиз амалга оширилмоқда. Ҳаммаси аъло даражада кетмоқда. Ижод ҳам тўхтамади, фақат окябрдан ёзгача ижодимда танаффус бўлди. Бу вақтда асосан мен ўзимга эътибор қилдим. Орада Тошкентга борганимда, гарчи оилам рухсат бермаса-да, фотосессия ва рекламаларда суратга тушиб олардим. Бизга ижодсиз яшаш қийин. Ҳозир “Мендирман Жалолиддин” сериали суратга олинмоқда. Мен ҳам айни пайтда Туркиядаман, шу сабабли муолажа ва ижод баравар кетмоқда. Тўғри, бу қийин, мен сизга буни осон демайман, лекин ишласа бўлар экан.
Кимёвий муолажа олиб чиққанимдан кейин эртаси куни суратга олишга кетябман. Кимёвий муолажалар мияни чарчатади ва хотирага таъсир кўрсатади. Суратга олиш жараёнларида менинг ижройим турк тилида бўлгани учун барча матнларни турк тилида ёдлашга тўғри келади. Сиз профессионал актриса бўлганингиздан кейин юзингиз ерга қарамаслигига ҳаракат қиласиз. Мен ўйлайманки, бу сериал ҳам менга куч беради, келажак учун кураш ҳиссини уйғотади. Мен керакман, мени кутишмоқда деган овоз менга илҳом ва куч беради.
У.Х.: — Ҳозирги кунда айни касалликка чалинган ва бу суҳбатни ўқиётган юртдошларимиз, айниқса, опа-сингилларимиз бўлса, уларга нималар деёласиз?
Р.Ш.: — Тошкентда менинг шифокорим бор, Фаррух Исломов. Мен касал бўлган энг биринчи кунимдан у билан алоқадамиз. Айниқса, Туркиядаги врачлар менга айтганларини, тиббиётга оид атамаларни тушунмасам, Фаррухдан сўрайман. У менга ҳаммасини батафсил тушунтириб беради. Яқинда гаплашганимизда Фаррух менга” Раъно опа сиздан бир илтимосим бор”, деб айтди. Қандай илтимос десам, “Сиз ҳар бир кунингизни, шу касаллик билан курашаётдан дақиқаларингизни ёзиб боришингиз керак. Ҳамма кечинмаларингизни, ўзингизда ҳаётни давом эттиришга қаердан мотивация олганингизни ёзинг”, деди. Балки бу китоб касаллик билан курашаётганлар бошқалар учун бир маълумотнома сифатида хизмат қилар деган сўзларни эшитганимдан сўнг, бу ғоя менга ёқди.
Мен, албатта, қандай қилиб бу йўлни босиб ўтганим ҳақида китоб ёзаман. Кечинмаларим бошқалар учун ёрдам беришига ишонаман. Менга Instagram’дан кўпчилик ёзади, беморлар ва уларнинг яқинлари қўнғироқ қилишади. Улар ҳам мендан мотивация олишни ҳоҳлашади. Мен улар билан соатлаб суҳбатлашаман, вақтимни аямайман.
Касал касал эмас, касални боққан касал деганларидек, беморни парваришлаш осон эмас. Айниқса, онкологик касал билан оғриган инсонни парвариш қилиш қийин. Мен мотивацион видео-роликлар тайёрлаш, бу ҳақида кўпроқ гапириш, курашга мотивация беришда давом этаман. Биласизми, бу касаллик билан курашишга мотивация жуда зарур. Сабаби кўпчилик муолажаларни ярмида ташлаб кетади. Бу оғир ва оғриқли жараён. Кимёвий муолажалар вақтида кўпинча эркаклар ярим йўлдан қайтиб кетишар экан. Аммо кимёвий муолажаларсиз бу касаллик билан курашиб бўлмайди. Cизда бу касалликдан тузалишнинг 1% имкони борми? Сиз бу имкониятдан, албатта, фойдаланишингиз керак. Шифокорларнинг айтишича, менда айнан 1% имконият бўлган экан. Улар ҳаттоки операциядан олдин “Эҳтимол кеч қолган бўлишимиз мумкин. Очиб кўрамиз, вазият ёмон бўлса, қайтиб ёпиб қўямиз. Агар озгина бўлса-да соғ ҳужайралар қолган бўлсагина биз ёрдам бероламиз. Шундай бўлса-да сен бизга имкон бер”, деб айтишган ва биз буни уддаладик.
Бу касалликка чалинганини билганлар тушкунликка тушиб қолади. Буни қабул қилиш ниҳоятда қийин. Сизнинг ақлингиз бу нарсани қабул қилолмайди. Буни қабул қилиш, тушуниш ва касаллик билан курашишнинг ўз босқичлари бор. Бу босқичлардан ўтиш учун сиз ўз устингизда ишлашингиз керак. Касал бўлган пайтим менга кўплар психолог билан учрашинг, гаплашинг дейишди. Ўша пайтда мен психолог билан эмас ўзимга ўхшаган инсонлар билан мулоқотда бўлишни хоҳлардим. Мен каби касалликка чалинган ва шу касални енгиб чиққан одамлар билан гаплашгим келарди. Шундай инсонларни қидирганман ва битта жиянимнинг дўстининг дўстини топганмиз. 25 ёшли Сардор исмли йигит шундай онкологик касалликка чалиниб, Германияда олти йил давомида муолажа олибди. Ҳозир у йигит соппа-соғ, тоғларда сноуборд учиб, ўзини бизнесини очиб, соғлом ҳаёт кечирмоқда. У касалликни енгиб чиқди. Шу йигит билан мени онлайн таништиришди. У менга олти ой давомида интернет орқали ёзиб, қўнғироқ қиларди. Касаллик ҳақида гаплашардик, у қандай қилиб шу касалликни енгиш мумкинлиги ҳақида айтарди. Менга мотивация берарди. Ундан жуда миннатдорман.
Хонанда “Stromae”нинг “ quand c'est ?” номли қўшиғида айнан мана шундай касаллик ҳақида қўшиқ куйлаган экан. Ана шу клипни кўриб мени ичимда шундай даҳшатли нарса борлигини сезганман, худди шу нарса ичимдан еб ташлаётгандек туюларди. Бу оғриқларга чидаб бериш жуда қаттиқ азоб эди. У ҳолатда мени фақат оилам кўрган. Бир нарсани тушундимки, менинг ҳам вазифам бошқа инсонларга мотивация бериш. Бекордан-бекорга мен Instagram’га видеолар қўймадим, бекорга касаллигимни очиқча эълон қилмадим. Мен одамларга бугунги кунда саратондан шифо топиш мумкинлигини исбодлашим керак, деган хулосага келдим.
Дунёда нанотехнологиялар ёрдамида шундай дорилар яратилган. Тўғри, улар қиммат, лекин саратоннинг давоси бор. Яна шуни ҳам унутмайликки, ҳаммаси дорига боғланмаган. Ҳаммаси сизнинг ўзингизга боғлиқ. Сиз бу касаллик билан курашишга тайёрмисиз? Сиз охиригача борасизми? Сиз ўз миянгизга бу касалликни танангиздан қувиб солиш буйруғини беролсангиз, бу касалликни енгасиз.
Мен ўлимга тайёр бўлган эдим, ўлимдан қўрқмай қўйган эдим. Худо мени яратди ва мен бир куни унга қайтаман. Мен фақат қанча умрим қолганини билмайман, холос. Мен ҳамма нарсага тайёрман. Лекин Аллоҳдан менга яна соғлом ва гўзал ҳаёт беришини сўрайман. Мен бу ҳаётдан, ўз оиламдан, мени келажакда кутаётган яхшиликлардан баҳра олишни ҳоҳлайман. Мен бу ҳаётдан завқ олиб яшашда давом этаман.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь