“Мени қутқариб қолиш вариантлари жуда-жуда кам эди”. Актриса Раъно Шодиева саратон касаллигига чалинди
Маданият-санъат
−
15 Февраль 2022
92866Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари фаоли Раъно Шодиева саратон касаллигига чалиниб, айни дамда даволаниш муолажаларини қабул қилмоқда. QALAMPIR.UZ мухбири актриса билан боғланиб, ундан хабар олди.
“Тошкентдаман. Яқинда қайтдик. Яна бироз кимё терапия муолажаларини қабул қилишим керак. Саратон касаллигига чалинганларга мотивация бўлсин, ҳаётдан умидларини узмасинлар, деб бетоблигим ҳақида очиқ айтдим”, дейди актриса.
Шодиеванинг маълум қилишича, унда жуда кам учрайдиган жигар саратони хасталиги аниқланган.
“Шифокорим менга қараб шок ҳолатига тушди. У мендан, “[Алкоголь] ичасанми, чекасанми, фаст-фуд истеъмол қиласанми, газланган ичимликлар ичасанми?”, деб сўради. “Йўқ, мен умуман ичмайман, чекмайман, 10 йилдирки газланган ичимликлар ва фаст-фуд истеъмол қилмайман”, деб жавоб қайтардим. У яна мендан “Сариқ касал бўлганмисан, жигар циррозига чалинганмисан?”, деб сўради. Йўқ, мен бундай касалликларни ўтказмаганман. Кейин билсам менинг касалим айнан у сўраганлар билан боғлиқ экан. Бу касалликка жуда кам фоиз аёллар чалинар экан. Бу жигар саратони”, дейди актриса.
Раъно Шодиева сўзида давом этаркан, Москва сафаридан қайтаётиб самолётда тоби қочганини айтди.
“Онам билан янги лойиҳалар устида ишлаш ва конференцияда қатнашиш учун Москвага кетгандим. Жуда катта режалар билан қайтаётгандим. Самолётга чиққанимда оғриқ бошланди. Рейс 40 дақиқага кечиктирилди. Мендан қолишимни сўрашди, аммо рози бўлмадим ва Тошкентга қайтдим. Қайтганимдан кейин шифокорлар менга жигар саратони ташхисини қўйишди. Ҳолбуки, соғлиғимга жуда жиддий эътибор қаратар эдим. Атрофимдаги дўстларим ва ҳамкасбларим яхши билишадики, мен газли ичимликлар ва фаст-фуд истеъмол қилмайман. Касалликка эса кучли зўриқиш сабаб бўлганини айтишмоқда”, дейди актриса.
Раъно Шодиева бошидан ўтганларни айтиб бераркан, даволаниш учун Туркияни танлаганини урғулайди. Актриса Истанбулдаги шифохоналардан бирида операция қилинган ва амалиёт муваффақиятли ўтган.
“Ҳеч афсусланмайман. Чунки мени қутқариб қолиш вариантлари жуда-жуда кам эди. Операция 11 соат ўтди ва яна ҳаётга қайтишим Худонинг мўъжизаси эди. Аслида операция 6 соат бўлиши керак эди, айрим сабабларга кўра 11 соатгача чўзилди. Шифокорим эса натижадан жуда хурсанд. Ҳолатим яхшимас эди. Шунинг учун шифокорим “Аввал очиб кўрамиз, агар вазият ёмон бўлса, қайта ёпиб қўямиз, қолгани Аллоҳнинг инояти”, деган эди. Лекин Аллоҳ менга яна бир бор ҳаёт берди, бундан жуда-жуда хурсандман”, дейди Шодиева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик актрисалардан яна бири – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовада ҳам саратон хасталиги аниқланган эди. У ҳам Туркияда даволанган.
LiveБарчаси