Раҳмон Тожикистон ИҲТ давлатларига электр беришга тайёрлигини айтди
Олам
−
10 Ноябрь 2023 4921 2 дақиқа
Тожикистон тез орада янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширади ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) давлатларининг ортиб бораётган эҳтиёжларини қондиришга тайёр. Бу ҳақда республика Президенти Имомали Раҳмон кеча, 9 ноябрь куни Тошкентда ўтган саммитда айтиб ўтди.
“Тожикистон ўзининг гидроэнергетика салоҳиятини амалдаги яшил энергия концепциясига мувофиқ ишлатишга интилади. Мамлакатимиз яқин келажакда қайта тикланадиган манбалардан тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ИҲТ минтақасини энергия билан таъминлашга ҳисса қўшиш ниятида”, дейди у.
Раҳмоннинг билдиришича, 2030 йилгача ИҲТ ўртасида энергетика соҳада ҳамкорлик стратегияси электр энергиясига бўлган талаб ортиб боришини назарда тутади. Президент минтақанинг энергетика салоҳиятини ошириш учун халқаро электр узатиш линиялари, жумладан, CASA-1000 қурилиши лойиҳаларини амалга оширишни якунлаш зарурлигини қўшимча қилди. Ушбу лойиҳа Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида электр энергиясини экспорт қилиш учун линияларни ўрнатишни назарда тутади.
Тожикистон раҳбари ўз нутқи чоғида ИҲТга аъзо мамлакатлар лойиҳалари амалга оширилишини текширишни таклиф қилди.
“Ташкилот доирасида эришилган тегишли келишувларнинг амалда бажарилишини назорат қилиш механизмларини фаоллаштириш зарур, деб ҳисоблайман”, дейди у.
Президент матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Раҳмон бу таклиф билан ИҲТ котибиятига ҳам мурожаат қилган.
Аввалроқ Тожикистон Энергетика вазирлиги республика 2030 йилгача электр станциялари қувватини 4,7 минг МВтга (яъни, тахминан 40 фоизга) оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Буни гидроелектр станцияларини қуриш ва реконструкция қилиш, қуёш ва шамол станцияларини қуриш орқали амалга ошириш режалаштирилган.
Маълумот учун, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. У 1964 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” номи билан тузилган.
Кейин 70-йилларда ички минтақавий савдо сусайиб кетгани учун ўз фаолиятини тўхтатган. 1985 йилда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти” номи билан қайтадан ўз фаолиятини бошлади. 1992 йилнинг 28 ноябрида Исломобод шаҳрида аъзо давлатлар Ташки ишлар вазирлари кенгашининг фавқулодда йиғилишида Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари ИҲТга аъзо бўлган.