Раҳмон озиқ-овқат нархлари “мисли кўрилмаган даражада” ошишини айтди

Олам

image

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон “экспертлар таҳлили”га таяниб, жорий йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари мисли кўрилмаган суръатлар билан ўсишини маълум қилди. Бу ҳақда у жорий йил март ойи охирида Суғд вилоятининг Матчо туманига ташриф чоғида фаоллар билан учрашувда сўз очди.

Имомали Раҳмонга кўра, бунга “дунёда охирги пайтларда юз бераётган воқеалар, иқлим ўзгариши ва уларнинг нохуш оқибатлари” сабаб бўлмоқда. Озиқ-овқат нархларининг кўтарилишини ҳисобга олиб, Тожикистон етакчиси фермерларни ҳар бир баҳорги қулай кундан унумли фойдаланишга, истеъмол бозорини маҳсулотлар билан таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун куч сафарбар қилишга чақирган.

“Сувдан ва ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш миллий иқтисодиёт ривожини, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини ва халқнинг муносиб ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим шартидир”, дейди Раҳмон.

Фурсатдан фойдаланиб, Президент Матчо тумани қишлоқ хўжалиги тармоғи вакилларининг ютуқларини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, соҳадаги ислоҳотлар маҳаллий аҳолининг катта қисмини иш билан таъминлаш ва одамлар турмуш даражасини оширишга шароит яратган. Туман аҳолиси ўтган 70 йил ичида сувсиз ва ҳосилсиз ерларни, яъни Дилварзин чўлини обод ўлкага айлантирган.

Суғд вилоятига сафар давомида Раҳмон қатор тадбирларда: ижтимоий объектларнинг очилиши, пахта экиш мавсумининг бошланиши ва бошқаларда иштирок этган.

Манбаларга кўра, баъзи маҳаллий фермерлар ҳукумат уларни буғдой етиштиришдан пахтачиликка ўтишга мажбурлаётганидан шикоят қилмоқда. Жорий йилнинг январь ойида Тожикистон қишлоқ хўжалиги вазири Қурбон Ҳакимзода қатор шаҳар ва туманларда пахтачиликни мажбурий жорий этиш ҳолатлари борлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, мулозим бундай амалиётга қарши эканини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Имомали Раҳмон озиқ-овқат нархи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг