Раҳбарлари “отнинг калласидек” ойлик олган ЎзТестнинг ходимлари маоши чеклангани айтилмоқда

Жамият

image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” (ЎзТест) давлат муассасаси директори ва бухгалтерига январь-февраль ойларида жуда катта миқдорда ойлик маош ёздирилгани ҳақида хабар берган эдик. Бир ойга яқин вақт ўтдики, ҳолатга расмий ташкилотлардан тайинли жавоб берилгани йўқ. Бу орада муассаса ходимларининг орасида норозилик кайфияти шаклланган. Ташкилот ичидаги бир нечта ходимларнинг QALAMPIR.UZ журналистига маълум қилишича, раҳбарларнинг маблағ ўзлаштиришлари ортидан ишчиларнинг ойлигида чекловлар юзага келган. Шунингдек, ходимлар ушбу жараёнларнинг илдизи агентлик раҳбариятига бориб тақалишини айтмоқда.

“Ўзбекистон техник тартибга солиш агентлиги директори Дилшод Сатторов ҳамда Марказнинг муассиси бўлган Ўзбекистон стандартлар институти директори Азиз Ҳамдамов ЎзТест давлат муассасасининг мавжуд маблағларини Агентлик ҳисобига ўтказиб юборган. Бунга сабаб қилиб эса Марказнинг агентликдан 10 миллиард сўм қарзи борлиги кўрсатилган”, дейди ходимлардан бири.

Унинг айтишича, буни тасдиқловчи ҳеч қандай асосли ҳужжатлар мавжуд эмас. Ходимларнинг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилмаяпти. Шу сабабли ишчилар бир неча кун аввал иш ташлаш қилиш мақсадида бош кўтарган. 

“Масъуллар қуруқ ваъдалар билан ходимларни тинчлантиришди. Афсуски айтилган гаплар ўзини оқламади. Бугунга келиб деярли барча ходимларда раҳбариятга нисбатан ишончсизлик юзага келган”, дейди у.

Ходимларнинг таъкидлашича, раҳбарият тадбиркорларнинг автомобиллари синовларини амалга ошириш ва сертификатлаштириш бўйича мурожаатларига хизмат кўрсатишда ҳам товламачилик билан қўшимча пулларни ўзлаштириб юборган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси бош бухгалтери январь-февраль ойларида умумий 469 млн сўм, ташкилот раҳбари эса йилнинг дастлабки икки ойида 136 млн сўм ойлик олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ушбу хабарлар фонида ижтимоий тармоқларда бошқа бир жадвал нусхаси, яни ташкилотнинг юқори маош оладиган бошқа юқори лавозимли ходимлари ҳақида маълумот тарқалди. Уларнинг орасида 30 миллиондан тортиб 468 миллион сўмгача ойлик олган ходимларнинг рўйхати келтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ойлик маош Раҳбарлар ЎзТест ходимлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг