ЎзТест машмашаси: Етти ухлаб тушга кирмайдиган ойликлар ҳақидаги гаплар ҳақиқатми?
Жамият
−
07 Апрель 2023
23412Ижтимоий тармоқларда ақлга сиғмас даражада юқори маош оладиган Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги "Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази" (ЎзТест) давлат муассасаси директори ва бухгалтери билан боғлиқ ҳолат бўйича ишчи гуруҳ тузилгани маълум қилинди.
ЎзТест матбуот хизматининг хабар беришича, 4 апрель куни ташкилот директори Жамшид Ғаниевнинг жорий йилнинг январь ва февраль ойларидаги даромадлари тўғрисида тарқалган маълумотлар бўйича Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Муассаса директори ва бухгалтерининг маошлари фонида ижтимоий тармоқларда бошқа бир жадвал нусхаси, яьни ташкилотнинг юқори маош оладиган барча ходимлари ҳақида маълумот тарқалди.
Расмда икки ой давомида 30 миллиондан тортиб 468 миллион сўмгача ойлик олган ходимларнинг рўйхатини кўриш мумкин.
QALAMPIR.UZ журналисти иккинчи рўйхат юзасидан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги матбуот котиби Абдурауф Расулов билан боғланди.
Расуловнинг таъкидлашича, ишчи гуруҳи ўз ишини давом эттиряпти. Шунингдек, ташкилотда директор ва бухгалтердан бошқаларнинг ҳам фаолияти юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Тез орада батафсил маълумот берилади.
Ҳолат бўйича ҳозирча бошқа ташкилотлар томонидан расмий муносабат ёки тушунтириш берилгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази" давлат муассасаси бош бухгалтери январь-февраль ойларида умумий 469 млн сўм, ташкилот раҳбари эса йилнинг дастлабки икки ойида 136 млн сўм ойлик олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
LiveБарчаси