Раҳбари Европада юрган Украинага Россия яна ҳужум қилди
Олам
−
10 Февраль 2023
13469Украина Президенти Владимир Зеленский Европа бўйлаб сафар қилиб, Евроиттифоқ етакчилари билан Украинага қўшимча қурол-яроғ, жумладан, қирувчи самолётлар етказиш бўйича музокаралар ўтказаётган бир пайтда Россия мамлакатдаги муҳим инфратузилмаларга ракета зарбаларининг янги тўлқинини бошлаб юборди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Россия Украинага бостириб кирганидан буён энг кучли ҳужумга учраган Запорожье шаҳрига бир соат ичида камида 17 та ракета урилган.
“Укрэнерго”нинг маълум қилишича, Украинанинг шарқий, жанубий ва ғарбий қисмидаги бир нечта энергетика объектларига бир кеча-кундузда қилинган учувчисиз самолётлар ва ракеталарнинг зарбаларидан сўнг электр таъминоти тўхтаб қолган. Масалан, Украина шарқидаги Харков шаҳрида, ғарбидаги Хмелнитский ва мамлакат марказидаги Днепропетровск вилоятида ҳам инфратузилма жиддий зарар кўрган. Расмийлар инфратузилмага қилинган ҳужумлар ортидан бутун мамлакат бўйлаб электр энергиясининг фавқулодда ўчирилишидан огоҳлантирган.
Шунингдек, Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларда камида учта портлаш содир бўлган. Ракета қолдиқлари пойтахтдаги хусусий уй, иккита автомобиль ва электр тармоқларига зарар етказган. Расмийлар пойтахт ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаётганини айтган.
“Ҳаво сигнализацияси узоқ давом этади. Илтимос, ҳаво сигналлари сиреналарини эътиборсиз қолдирманг ва бошпаналарга боринг”, деган Одесса вилояти губернатори Максим Марченко.
Ҳарбий ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Иҳнат эса ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситалари Украинага учирилган еттита учувчисиз самолётдан бештасини ва олтита Калибер ракетасидан бештасини уриб туширганини айтган. Шунингдек, ҳарбий ҳаво кучлари Харков ва Запорожье вилоятларида Украина ҳаво мудофааси уриб тушира олмайдиган 35 та S-300 ракеталари учирилганини тасдиқлаган.
Алибек Бейжанов