QALAMPIR.UZ YouTube канали фаолияти тикланди
Жамият
−
13 Декабрь 2022
5749QALAMPIR.UZ таҳририяти чексиз мамнуният билан шуни маълум қиладики, бир неча кунлик уринишлардан сўнг YouTube платформасидаги 7 йилдан буён фаолият олиб бораётган ва 500 000 дан ортиқ обуначига эга каналимиз бугун, 13 декабрь куни тикланди.
Хабарингиз бор, бундан бир ҳафта олдин, 6 декабрь куни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги канали платформа маъмурияти томонидан ёпиб қўйилган эди. Айни вақтда содир бўлган ушбу ҳолат бўйича маълумотларни очиқлашга тайёрмиз.
Бизга платформа маъмуриятидан маълум қилинишича, 6 декабрь куни соат тунги 1:30 ва 3:00 оралиғида QALAMPIR.UZ YouTube каналига зарарли дастур орқали бузиб кирилган ва каналга қайд қилинган электрон манзилимиздаги барча ёзишмалар бошқа электрон манзилга йўналтирилган. Шу боис YouTube маъмурияти томонидан берилган огоҳлантиришлар бизгача етиб келмаган. Белгиланган соат оралиғида эса каналимизда криптовалюта бўйича ноқонуний реклама жонли эфирда намойиш этилган. Ва бу катта эҳтимол билан хакерлар томонидан режали амалга оширилган. Шу боис YouTube маъмурияти канални блоклаган ва ўчириб юборган.
QALAMPIR.UZ техник жамоаси бир неча кун давомида YouTube маъмурияти билан мулоқот олиб борди. Канал фаолияти қонунийликка асослангани тушунтирилди ва далиллар илова қилинди. Ўтган вақт мобайнида олиб борилган музокаралар натижасида ўчириб юборилган канал фаолияти бугун, 13 декабрь куни қайта тикланди.
QALAMPIR.UZ YouTube канали 2015 йил 13 апрелда очилган. Каналга бугунгача 2 мингдан ортиқ видео жойланган, улар 70 миллион марта кўрилган.
QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари ўтган бир ҳафта ичида бизни қўллаб-қувватлаган барчага, хусусан Google маъмуриятига миннатдорлик билдиради. Таҳририят ўз анъаналарига содиқ ҳолда фаолиятини давом эттиради.
LiveБарчаси