QALAMPIR.UZ ходими “Йилнинг энг фаол журналисти” деб топилди

Жамият 7088
image

QALAMPIR.UZ интернет нашри бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг “Йилнинг энг фаол журналисти” танловида ғолиб бўлди. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 
 
Тақдирлаш маросимида мамлакат медиаструктуралари, оммавий ахборот воситалари  вакиллари, соҳада узоқ йиллар фаолият олиб  борган фахрий журналистлар қатнашди. 

“Йилнинг энг фаол журналисти” танлови республика миқёсидаги  танлов бўлиб,  журналистиканинг  барча йўналишларида – телевидение, радио, босма ОАВ, интернет, фотожурналистика  соҳасида таҳририятлар  томонидан  тавсия этилган номзодлар  орасидан энг фаол журналистлар аниқланади.  

 “Йилнинг энг фаол журналисти”  республика  танлови ўтказила бошланган 1997 йилдан бери  600 га яқин фаол журналист  тақдирланди. Маросимда қайд этилганидек, бу йилги танловда 180 га яқин  журналистлар томонидан 2000 дан зиёд ижодий иш тақдим этилган. Жумладан QALAMPIR.UZ интернет нашрида фаолият юритиб келаётган Феруза Нажмиддинова ҳам энг долзарб муаммолар ҳақидаги материаллари билан иштирок этди. 

Маълумот учун, Феруза Нажмиддинова 1992 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий. 2011-2015 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият интитути бакалавриатини, 2015-2017 йилларда магистратурани тамомлаган. 

Нажмиддинова 2019 йилнинг март ойида буён QALAMPIR.UZ интернет нашри мухбири ўлароқ фаолият бошлади. Айни вақтда нашр Бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келмоқда. 

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, болалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аёлларга қарши зўравонликка қарши кураш, гендер тенглигини таъминлаш каби масалалар Феруза Нажмиддинова тайёрлаган мақола, лавҳа, интервью ва репортажларнинг бош мавзуси бўлиб келмоқда. 

Феруза Нажмиддинова бугунгача жамоатчилик учун муҳим мавзуларда 500 га яқин ижодий ишлар – мақола, репортаж, лавҳа ва интервьюларни тақдим этган. Уларнинг ҳар бири ўқувчилар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.

Шунингдек, Нажмиддинова қарийб 30 йил давомида мустамлакада бўлиб келган Тоғли Қорабоғнинг миналанган ҳудудларига кириб борган биринчи ўзбек журналисти саналади. Унинг жорий йил май ойида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муаммоли ҳудуд бўлган Қорабоғдан тайёрлаган журналистик материаллари ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. 

Унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси – Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси раиси Танзила Нарбаева, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаева, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари буйича собиқ вакили Улуғбек Муҳаммадиев ўтказган суҳбатлари долзарблиги билан алоҳида аҳамиятга эга.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 143
Рейтинг: 3.1
t
×